Ёшлар олимпиадаси тўрт йил кейинга сурилди

Olympic.org сайти фотосурати

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия қўмитаси 2022 йили Сенегалнинг Дакар шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларини 2026 йилга кўчирди. Бу ҳақда ТАСС хабар беради.

Бунга коронавирус пандемияси сабаб бўлди. ХОҚ президенти Томас Бахнинг Сенегал давлати раҳбари Маки Салем билан ўтказган музокараларидан сўнг мана шундай қарорга келинган ва у қўмитанинг 17 июлда бўлиб ўтадиган мажлисида тасдиқланади.

«Аминманки, биргаликда 2026 йил декабрида Дакарда Сенегал учун, бутун Африка қитъаси ва дунё ёшлари учун ажойиб Олимпия ўйинларини уюштирамиз», — дейди Бах.

Салемнинг сўзларига кўра, у Қўмитага ишонишини айтади ва ХОҚнинг Африка ҳудудида бундай тадбир ўтказилишини қўллаб-қувватлайди.

Ёшларнинг тўртинчи олимпия ўйинлари 2022 йил 22 октябрдан 9 ноябргача ўтиши керак эди. Унда спортнинг 35 туридан 244 медаль учун кураш олиб борилиши режалаштирилган. Аввалги ёшлар Олимпия ўйинлари 2018 йили Аргентинанинг Буэнос-Айресида бўлиб ўтганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ