АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳонгконгнинг автономиясига футур етказишга алоқадор хитойлик мансабдор шахсларга қарши санкциялар киритиш тўғрисидаги Конгресс томонидан мақуллаган қонунни ҳамда Ҳонгконгни имтиёзли мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда унинг ўзи Оқ уйнинг Атиргуллар боғида сўзлаган нутқи давомида маълум қилди.
Президент, шунингдек, имтиёзли тартибнинг тўхтатилиши ҳақида эълон қилиб, АҚШ материкдаги Хитойга қандай бўлса, энди бундан буёғига Ҳонгконгга ҳам шундай муносабатда бўлишини, яъни унда ҳеч қандай алоҳида имтиёзлар, алоҳида иқтисодий тартиб ва стратегик муҳим технологияларнинг экспорти бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.
Трамп Ҳонгконг энди эркин бозорлар билан рақобат қила олмаслигини ва кўплаб бизнесменлар уни тарк этишини башорат қилди. Бундан ташқари, АҚШ президенти яна бир бир Хитойни коронавирус тарқалишининг авж олиши тўғрисидаги маълумотларни яширишда ва бу ўз навбатида бутун дунё бўйлаб пандемияга ва одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келганликда айблади.
Шу билан бирга, дея қайд этади USA Today, Америка раҳбари расмий чиқиши пайтида Хитой мавзусидан чалғиб, АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод, собиқ вице-президент Жозеф Байденга қарши таъна тошларини улоқтира бошлади, шунинг учун ҳам унинг нутқи сайловолди кампаниясига айланиб кетди. Трамп, хусусан, Байденни АҚШни иқлим бўйича Париж битимига қайтариш нияти учун танқид остига олди ҳамда у “америка энергетикасини ўлдирмоқчи”, деб билдирди.
Трамп имзолаган қонун Ҳонгконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни тайёрлаш ва қабул қилишда иштирок этган мансабдор шахслар ва ташкилотларга, шунингдек, мазкур қонунга алоқадор бўлган хитойлик давлат амалдорлари ва ташкилотлари билан “йирик битимлар” тузаётган банклар ва бошқа компанияларга қарши санкциялар киритишни кўзда тутади.
ХХР миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун Ҳонгконгни Буюк Британиядан Хитойга топширилган сананинг 23 йиллиги арафасида, 1 июль куни қабул қилинган. Янги қонунга кўра, терроризм, Ҳонгконгни ажратишга қаратилган фаолият ва Пекиннинг ушбу ҳудуд устидаги ҳукмига тажовуз қилиш бўйича ҳаракатлар учун умрбод қамоқ жазосини қўлланиши мумкин. Қонун танқидчиларининг таъкидлашича, ушбу ҳужжат материкдаги Хитой расмийларига Ҳонгконгда оммавий чиқишлар ва сўз эркинлигини чеклашлар бўйича кенг имкониятларни яратиб беради.