Кейинги кунлар Озарбайжон ва Арманистон чегарасида содир этилаётган қуролли тўқнашувларда озарбайжон томонидан иккита юқори лавозимли ҳарбий – генерал-майор Полад Хашимов ва полковник Илғор Мирзеев ҳалоқ бўлган. Республика Мудофаа вазирлиги бу ҳақда «Интерфакс» ахборот агентлигига маълум қилган.
Шунингдек, вазирлик 12 июль кунги тўқнашувда 100 нафар арман аскари, ҳарбий техника ва бошқарув пункти яксон этилганини таъкидлаган.
Ҳозирги пайтда жанговор ҳаракатлар давом этмоқда.
Арман томони ўз сафидаги йўқотишларни тан олмаган. Арманистон Мудофаа вазирлиги бир нечта ҳарбийларининг яраланганини маълум қилган.
«Новости-Армения» («Арманистон янгиликлари») хабарига кўра, парламентда бир нечта озарбайжон учувчисиз қурилмаларининг яксон этилгани айтиб ўтилган.
Озарбайжон ва Арманистон герасидаги вазият ўтган ҳафтада кескинлашиб кетди. Томонлар бир-бирини отишмаларда айбладилар. Баку версиясига кўра, мамлакатнинг Товуз туманида арман ҳарбийлари артиллериядан озарбайжон томонини ўққа тутган. Ўз навбатида Ереван рақиб томон артиллерия ёрдамида чегардаги арман пунктини ишғол қилишга уринганини таъкидлайди.
Икки томон рақибининг ишкомлари вайрон этилгани тўғрисида видеотасвирларни эълон қилган.
Европа Иттифоқи ЕХҲТ вакиллари ёрдамида чегарада мониторинг ишларини бошлашни таклиф этган.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги жанжаллар мана ўн йиллардан бери ҳал этилмаган. Жанжалнинг асосий сабаби – Тоғли Қорабоғнинг мақомига бориб тарақлади. Бу ўлка де-факто ўз мустақиллигини сақлаб қолган, лекин расман ҳеч ким томонидан тан олинмаган. Баку ушбу ҳудуд арманлар томонидан «босиб олинган»и ва уни албатта қайтариб олишини бир неча бор таъкидлаган.