Рогозин маслаҳатчисига давлатга ҳиёнат қилиш айби қўйилди

Иван Сафронов. Kommersant.ru сайти фотосурати

Россиялик журналист ва ҳозирги пайтда Роскосмос ташкилоти раҳбари Дмитрий Рогозиннинг маслаҳатчиси вазифасида ишлаган Иван Сафронов расман давлатга ҳиёнат қилганликда айбланди. Унга нисбатан айб ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) томонидан қўйилди.

Юрист сўзларига кўра, тергов журналистнинг «Россиянинг яқиншарқ африка давлатларидан бири билан ҳарбий-техник ҳамкорлигига доир» махфий маълумотларни берганлигини таъкидлайди. Гўёки бу воқеа 2017 йили содир бўлган ва махфий маълумотларни чехларнинг махсус хизмати кейинчалик АҚШга бериш учун олган.

Мазкур даврда Сафронов «Коммерсант» нашрида ишлаган. Россия ҳукумати ва тергов томони айбловни Сафроновнинг журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслигига урғу беради.

Журналистнинг ўзи бу айбловни инкор этади. Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозин журналист қўлга олингандан сўнг Сафроновнинг «юқори малакали мутахассис ва тартибли инсон» эканини қайд этган, шунингдек унинг давлат сирларига дахлдор эмаслигини қўшимча қилган. Иван Сафронов 7 июль куни қўлга олинган ва шу куни суд унга ҳибсда ушлаб туриш чорасини қўллаган.

Иван Сафронов узоқ йиллар давомида «Коммерсант» нашрида ишлаган, ҳарбий ишлаб чиқариш комплексига доир материалларни ёритган. РБК маълумотига кўра, ўтган йили Россиянинг Мисрга кўп функцияли қирувчи «4++» авлодига мансуб Су-35 самолётларини сотиш режаси тўғрисидаги маъқоласи газетада чоп этилган. Шундан сўнг нашрга нисбатан давлат сирини фош этишга оид айблов қўйилган (журналист танишининг сўзларига кўра, Сафроновни ФСБда сўроқ қилишган), кейинчалик мақола олиб ташланган. Сафронов шундан сўнг таҳририятни ташлаб, «Ведомости»га ўтади ва у ердан Роскосмос раҳбарига маслаҳатчи бўлади ва шу кунга қадар ушбу вазифани бажариб келган.

Иван Сафроновнинг отаси ҳам «Коммерсант»да ҳарбий шарҳловчи бўлиб ишлаган. У 2007 йили тушунарсиз вазиятда ҳалоқ бўлади. У ўлимидан олдин Россиянинг Яқин Шарққа қурол сотиши тўғрисида мақола тайёрлаган.

Иван Сафроновни кўпгина россиялик журналистлар ёқлаб чиқдилар. Айримлар норозилик намойишига чиқдилар ва ҳисбга олиндилар. «Лефортово» изолятори олдидаги пикет ва ҳибсга олишлар 13 июль куни ҳам бўлиб ўтди.

Иван Сафроновнинг ушланиши ва ҳисбга олиниши Архангельск вилояти УФСБ биноси олдида портлаш содир этган ўспирин ҳақида ёзган журналист Светлана Прокопьеванинг «террорчиликни ёқлагани» борасида айбланганидан сўнг содир бўлди. Бу аёлга нисбатан норозиликнинг келиб чиқишига журналист томонидан давлатнинг «репрессив» ҳаракати, соҳта жиноят иши ва фуқаронинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслигини ёритгани сабаб бўлган. Журналист аёл ўзига нисбатан қўйилган «террорчиликни ёқлаганлик» айбини инкор этади. Суд ниҳоят журналистга жарима солди, ҳимоя томони эса ушбу қарорни бекор қилиш ва Прокопьеванинг тўлиқ оқланиши учун ҳаракат қилишини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ