Ўзбекистон ўрта таълим мактабларида ўқиқитувчилар янги ўқув йилидан бошлаб кунлик дарс конспектларини ҳамда йиллик календар-тематик режаларни тузиш билан шуғулланмайдилар. Педагоглар тўлдирадиган ягона ҳужжат – мактаб журнали бўлиб қолади. Янги қоида Адлия вазирлигидан 2020 йил 29 июнда 3058-I рақам билан рўйхатдан ўтказилган «Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома» билан мустаҳкамлаб қўйилган, дея хабар беради республика Халқ таълими вазирлиги (ХТМ) матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, ўқитувчиларни бошқа ҳисоботлар ва ортиқча қоғозбозлик ишларидан озод қилиш уларга асосий эътиборини дарс машғулотларини янада қизиқарли қилиб ўтишга қаратиши учун шароит яратади.
Педагоглар ўқув режалари ўрнига эндиликда Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилиши кутилаётган «Миллий ўқув дастури»нинг асосий компонентлари доирасида барча фанлардан «Ўқитувчи китоби»ни юритадилар. Барча мактабларда фанлар бўйича йиллик режаларини бир хиллаштириш мақсадида, эндиликда улар Республика таълим маркази томонидан тасдиқланади ва ўқув йили олдидан вазирликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
Халқ таълими вазирлиги таъкидлашича, ўқитувчилар ва мактаб жамоаси фаолияти ҳужжатларни тўлдиришига қараб эмас, балки мактаб битирувчиларининг ҳаётда муваффақиятга эришишлари билан баҳоланишга ўтилади.
Бундан ташқари, келаётган ўқув йилида Ўзбекистонда вариантли ўқув режалари бўйича тажриба ўтказилиши давом эттирилади. Бундай тизим мактаб ўқувчиларига муайян фанларни чуқурроқ ўрганишга, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига самаралироқ тайёргарлик кўришига имкон беради. Мактабларга янги қоидани педагоглар таркибининг мавжудлиги ва малакасидан келиб чиққан ҳолда қўллаш таклиф этилган. Республика таълим маркази Тақвим мавзуий режаларни жорий йилнинг 1 августига қадар тузади.
Ўтган ўқув йилида вариатив режалар 10-11 синфларда қўлланган, янги ўқув йилида бу тизимни 7, 8 ва 9-синфларда ҳам қўллай бошлайдилар. Факультатив синфлар учун йўналишлар сони бештадан ўн иккитагача кўпайган. Жумладан, бошланғич таълим йўналиши, кимё-технология бўлими, география ва геология, мактабгача таълим ва психология йўналиши, тарих ва археология, туризм ҳамда веб-фриланс қўшилган.
Ҳар куни ўқув планларини тузиш ҳамда бошқа турдаги қоғозбозликлар туфайли педагогик олий таълим муассасалари битирувчиларининг умумтаълим муассасаларига бориб ишлашга унчалик ҳушлари йўқлигини кўпчилик билади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилда мактаб ўқитувчисининг нуфузини кўтариш бўйича топшириқлар берганди. Ўшанда давлат раҳбари педагогларнинг ойлик иш ҳақи албатта кўтарилади, аммо тез орада эмас, негаки “ҳозир бунга етарли маблағ йўқ”, деб билдирган эди.
Кейинроқ эса Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзбек ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақи 1000 АҚШ долларигача кўтарилади, деб таъкидлаганди, аммо бу иш қачон амалга оширилишига давлат амалдори аниқлик киритмаганди.