Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Намангандаги ижобий демографик динамикани қайд эта туриб, шаҳарликларга миллион нуфузли шаҳар яратишни таклиф этди, дея хабар беради “Газета.uz” “Ўзбекистон 24” телеканали репортажига ишора билан.
Жаҳон амалиёти йирик шаҳарларга инвестицияларни кўпроқ жалб этишини кўрсатмоқда, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти ва туманлари ҳокимлари билан ўтказилган йиғилишда. Давлат раҳбари Наманган таркибидаги Давлатобод туманини қайта тиклашни таклиф этди. Президентга кўра, бу қарор ижтимоий-иқтисодий инфратузилмага тушаётган юкламанинг ўсиб бораётгани ҳамда аҳоли ўсиши ортидан ҳудудни бошқариш тобора мураккаблашаётгани билан изоҳаланади (2020 йил 1 январь ҳолатига кўра шаҳарда 626 минг киши истиқомат қилади).
Наманган вилоятидаги Давлатобод тумани (1991 йилга қадар Совет райони деб аталиб келган) 2003 йилда тугатилган ҳамда Наманган шаҳри билан бирлаштирилиб, шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилган эди. Шаҳар аҳолисининг сўнгги тўрт йил давомида ўсиши, шу жумладан, Наманган, Уйчи ва Янгиқўрғон туманларининг шаҳарга ёндашган ҳудудлари Наманган шаҳрига қўшилиши билан изоҳланади. Айни пайтда умумий майдони 145 квадрат километрга тенг бўлган Наманган Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан Тошкентдан кейин иккинчи ўринда турадиган шаҳарга айланган.
Наманган шаҳри тарихи битикларда илк бор 1610 йилда тилга олинган. Шаҳар ичидан ўтувчи Янгиариқнинг 1819-1821 йилларда қазиб битирилиши унинг ривожланишига улкан туртки бўлган. Наманган вилоят маъмурий маркази мақомини 1941 йилда олган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил баҳорида Наманган вилоятида умумий қиймати 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг 1,4 мингдан зиёд инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ниятини билдирганди. Мазкур лойиҳалар 39 мингта янги иш ўринларининг яратилишига ҳамда бир миллиард АҚШ долларидан зиёд тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларининг жалб этилишига имконият бериши кутилмоқда.
Постсовет майдонида аҳолиси миллиондан ошган шаҳарларнинг энг кўпи Қозоғистонда жойлашган бўлиб, булар – Нур-Султан, Шимкент ва Олма-Ота. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларда аҳолиси миллиондан ошган шаҳарлар биттадан, холос: Тожикистонда – Душанбе, Қирғизистонда – Бишкек, Туркманистонда – Ашхабод. Ўзбекистон пойтахти Тошкентда давлат статистика қўмитасининг 2019 йил учун тақдим этилган маълумотига кўра 2 миллион 571 минг киши истиқомат қилади.