Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари ўзбек мутахассисларининг Марказий Осиё давлатларидаги айрим ОТМларда таълим сифати қониқарсиз экани борасидаги хулосаларига қарши фикр билдирдилар. Бу ҳақда парламентнинг юқори палатаси сайтида хабар берилган.
Маълумки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мамлакат ҳукумат идораси нострификация билан боғлиқ жараёнини таҳлилдан ўтказиб, қўшни Кирғизистон ва Тожикистон давлатларининг қатор олий таълим муассасаларига салбий баҳо берганди.
Ҳужжат сенаторларда қатор саволлар уйғотди ва уларни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбе Алимов тилга олиб ўтди. Жумладан, у Инспекциянинг аниқ ва асосланган мезонлар ўрнига “Ўзбекистон меҳнат бозори талаб даражасига мос эмас” деган умумий жумла билан чегараланиб қолганини таъкидлади.
«Бундай хулоса чиқариш учун, энг аввало, ўша меҳнат бозори параметрлари қани? Уларни ким белгилаган? Қўшни давлатларнинг ОТМлари қачон ва ким томонидан текширилган— дея қизиқади Алимов.
««Сифатли таълим арзон бўлмас», ва «қўшни мамлакатлардаги аксарият ОТМ томонидан таклиф этилаётган тўлов-контракт нархи сифатли таълим бериш имкониятини бермайди» деб таъкидланган. Савол: Нимага? Бу қандай конуният бўлди? Балки, биз аввал Ўзбекистон ОТМларининг контракт нархларига ва шу нархларга бизда берилаётган таълим сифатига холисона боқармиз? Менимча, бу ерда кўпроқ рақобат ва мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлик даражаси ҳақида сўз юритсак адолатдан бўларди», — дейди сенатор.
Алимов Ўзбекистон Давлат инспекциясини хориж ОТМларига «баҳо беришга вақолати борми» деган саволни ўртага қўяди ва бу ҳаракатларнинг мақсади, уларнинг давлат миллий манфаатлари ва ташқи сиёсатдаги интилишларига қанчалик тўғри келишига эътибор қаратади.
Равшанбек Алимов Сенат қўмитаси Давлат инспекциясига сўровнома юборгани ва расмий жавоб кутиб қолишларини айтади. Шунингдек сенатор «Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида вужудга келган очиқлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган мутлақо янги сиёсий муҳитни қадрига етиб, барча ўз фаолиятида қардош давлатлар билан дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши»га умид билдиради.
Мазкур ҳисобот 18 июнь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилинганди. Унда қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги айрим ОТМлардаги сифат даражаси Ўзбекистондаги меҳнат бозори талабига жавоб бермаслиги айтилган. Ҳисоботда Қозоғистондаги олий таълим муассасалари номи келтирилмаган бўлсада, инспекция айрим ОТМлар катта рейтингга эга бўлгани билан таълим сифати борасида оқсашини таъкидлаган.