Ўзбекистонда ҳозирнинг ўзида умумий қуввати 4,2 гигаватт бўлган энергияни сақлаш тизимларини яратиш бўйича 26 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг 17 таси айни пайтда амалга ошириш босқичида, 2030 йилга қадар эса мутахассислар шунга ўхшаш қўшимча ташаббуслар пакетини тайёрлайди. Бу ҳақда 22 сентябрь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида электр энергетикасини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайта тикланувчи энергия манбалари улушининг ортиши билан энергияни сақлаш тизимларининг аҳамияти ҳам ошиб бормоқда. Чунки улар қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган энергияни жамлаш ҳамда электр энергиясини тармоққа фақат истеъмол энг юқори даражага етган соатларда узатиш имконини беради.
Шу билан бирга, давлат раҳбари магистраль электр тармоқлари ва подстанциялар барпо этиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, 2030 йилга қадар кучланиши 220 киловольт бўлган 9 та янги подстанция ва 500 киловольт кучланишдаги 7 та объект қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, мамлакатда қарийб 5 минг километр электр узатиш линияларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Расмийларнинг баҳолашича, мазкур лойиҳа яқин уч йил ичида якунланади.
Йиғилишда инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш тизимини тубдан ўзгартириш бўйича таклифларга алоҳида эътибор қаратилди. Чунки кўп ҳолларда ташаббус инвестор томонидан илгари сурилади, шундан кейингина ер ажратиш, тарифлар, келишувларни имзолаш ва бошқа масалалар пайдо бўлади. Натижада жараёнлар чўзилиб кетади ва бюрократик тўсиқларга дуч келади.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бошқарувнинг янги моделини жорий этишга қарор қилинди. Энди лойиҳалар иқтисодиёт, аҳоли ва ҳудудларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Ҳокимият органлари олдиндан ер майдонини ажратади, инфратузилмани тайёрлайди, инвестор эса очиқ ва рақобатли танлов асосида аниқланади.
Шунингдек, турли идораларнинг масъулият соҳалари аниқ белгилаб қўйилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги талаб прогнози шакллантирилиши билан, Энергетика вазирлиги стратегик режалаштириш ва техник сиёсат билан, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги эса бозор муносабатлари ва тарифларни тартибга солиш билан шуғулланади.
Қайд этилишича, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 6,3 гигаваттдан ошган. Гидроэлектр станциялар сони 100 тадан ошган, уларнинг умумий қуввати эса 2,5 гигаваттга яқинлашмоқда.
2030 йилга қадар Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Аҳоли сони 41 миллион кишига етиши кутилмоқда. Шу боис, экспертлар прогнозларига кўра, фақат саноатда электр энергияси истеъмоли 38 миллиард киловатт-соатдан 53,5 миллиард киловатт-соатга ошади.
Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, кейинги тўрт йил давомида генерация қувватлари 46,1 ГВтга етказилади ва йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 2035 йилга келиб эса ушбу кўрсаткич 154,7 кВт*соатга етказилади.
Мулозимларнинг фикрича, истеъмолнинг мўътадил ўсиши шароитида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унга бўлган талаб ўртасидаги мувозанат сақланиб қолинади. Бироқ, Мирзиёев иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан президент захира қувватларининг етарли ҳажмини тайёрлашни топширди. Бунда ресурсларнинг таннархи, тармоққа уланиш имконияти, энергияни сақлаш тизимлари билан мувофиқлиги ва умумий энергетика балансига таъсири каби мезонларни ҳисобга олиш белгиланди.



