Ўзбек кинематографлари мамлакатда коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси ҳамкорлигида ҳужжатли фильм тайёрлашга киришдилар. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Фильм кинохроника кўринишида бўлиб, унда вируснинг Ўзбекистонда тарқалиши, шунингдек COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар акс эттирилади.
Жумладан, унда мазкур вирус билан касалланганлар учун қурилаётган шифохоналар ҳақида лавҳалар, ҳукумат аъзолари, тиббиёт ходимлари, экспертлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда тузалиб чиққан беморларнинг интервьюларига кенг ўрин берилади.
«Биз бу жараён бутун дунёда, хусусан бизнинг мамлакатимизда қандай вужудга келгани ва ривожланганини, бу мудҳиш пандемияга қарши қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрсатиб берувчи видеоматериаллар базасини ҳам яратамиз. Ана шу база туфайли келгусида тадқиқотчилар ва экспертлар COVID-19га қарши курашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишлари мумкин бўлади», – дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов
Коронавирус инфекцияси юқтирилишининг биринчи ҳолати аниқланган 15 мартнинг эртасига Ўзбекистонда карантин эълон қилинди. Расмийлар чегараларни ёпиб, таълим муассасалари ва кўнгилочар масканларининг ишини тўхтатиб қўйдилар, халқаро авиация, темир йўл ва автомобиль алоқалари узиб қўйилди. 1 апрелдан Тошкентда, Нукусда ҳамда республиканинг қолган вилоят марказларида ўзини яккалатиш (самоизоляция) тартиби жорий этилди. Одамларнинг ташқарига ҳимоя ниқобларида чиқиши мажбурий этилди, ҳукумат карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирди.
Ўзбекистонда 10 апрель ҳолатига кўра, COVID-19 коронавирусига чалинганлар сони 624 нафарга етди, шу билан бирга 38 нафар бемор тузалиб кетди ва учтаси ўлди.