Ўзбекистонда бўлажак полиглот-медикларнинг стипендиясига қўшимча устама белгиланади

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон тиббиёт олий таълим муассасаларидаги чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга тиббиёт йўналиши талабаларининг стипендияларига бир базавий стипендия миқдорида қўшимча устама тўланиши белгиланди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 428 минг сўмни ($45) ташкил этади. Ушбу меъёр 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб қўлланади, дея хабар беради Kun.uz мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорига таянган ҳолда.

Шу билан бирга, тил билгувчи талабалар қайси курсда таҳсил олаётганларидан қатъий назар қўшимча устамаларни олишга ҳақли бўладилар. Фақат профил мутахассислигига оид предметлардан 3 баҳога ўқийдиган талабаларга ушбу бонус қўлланилмайди. Қўшимча устама тўлашга пул маблағлари талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан олинади.

Шу билан биргаликда, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Буюк Британия консалтинг компанияси — Quacquarelli Symonds, Буюк Британия нашриёти — Times Нigher Education, Цзяотун Шанхай университети — Academic Ranking of World Universities) рейтингида тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган давлат тиббиёт муассасалари ходимлари лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади. Бугунги кунда бу 4,7 миллион сўмни ($500) ташкил этади. Фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган мутахассисларга давлат тиббиёт муассасаларида лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараварига тенг ёки ўн миллион сўмдан зиёд ($1070) миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

Бундан ташқари, президент қарори билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фалсафа доктори ва фан доктори илмий унвонларни тақдим этувчи илмий кенгашларнинг таъсис этилиши кўзда тутилган. Ушбу меъёр Андижон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Нукусда жойлашган тиббиёт олий таълим муассасаларига нисбатан қўлланилади.

Олдинроқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республикадаги 47 та тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилиши ва унинг битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларининг 2-курсидан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлишлари ҳақида хабар берилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ