Facebook фойдаланувчиларига ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари учун видеодарслар тайёрлашни таклиф қилдилар

Ўзбекистондаги видеодарс. Youtube каналидан олинган лавҳа

Ўзбекистон ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари телевидение орқали намойиш этилаётган мактаб видеодарсларини тузиш ва таҳрир қилиш ишида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Бу ҳақда республика Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Ушбу таклиф ТВ орқали намойиш этилаётган ўқитиш материалларидаги хатолар миқдори борасида иштирокчиларнинг танқидий шарҳларига жавоб сифатида берилмоқда.

“Адашмасам, МДҲ давлатлари ичида, айнан Ўзбекистон биринчилардан бўлиб барча синфлар бўйича 3 тилда инклюзив (сурдотаржима билан) онлайн дарсларни ишга туширди”, — дея эслатади Шерматов.

Унга кўра, кунига ўртача 100 га яқин видеодарслар олинишини инобатга олишимиз зарур. Шу вақтгача эфирга кетган 400 дан ортиқ видеодарслардан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан 4-5 та хато топилиб, чайналмоқда. Шунақанги хатолар орасида арифметик мисол ҳам бор (24-4)+20=60”. Вақт қисқа экани, ҳамда карантинни инобатга олиб иштирокчилар қисқартирилгани сабабли хатолар ўтиб кетиши хавфи юқори эди.

Вазир дарслар сифатини кўтариш учун муҳаррир ва педагогларни ҳамкорликка таклиф этди. “Рус тилидаги видеодарсларни намойиш этиш жараёнини такомиллаштиришга имкониятингиз ва хоҳишингиз бўлса, жамоамиз ишида муҳаррир сифатида иштирок этишга таклиф этамиз (видеодарслар эфирга узатилишидан олдин эҳтимолий хатоларни ғалвирдан ўтказиш)”, — дея билдирди Шерматов.

Вазир танқидларга жавоб бера туриб, агар кимда-ким ўзини видеодарслар ўтиб бераётган муаллимлардан кўра ўқув материалларини яхшироқ тақдим этиб бера олиши мумкин деб ҳисобласа, “ўтилган мавзулардан истаган видеодарсини” видеога ёзиб олиб, унинг Facebook саҳифасига қўйилган постига шарҳ сифатида илова қилиб қўйиши мумкинлигини маълум қилди. Шу билан бирга, видеодарслар мазмунига ҳар қандай эҳтимолий ўзгартиришларни киритиш учун камида бир ҳафта керак бўлади, дея аниқлик киритди Шерматов. Фуқароларнинг таклиф билан мурожаат этишлари учун тегишли форма Халқ таълими взирлигининг сайтида жойлаштирилган.

Қайд этиш жоиз, халқ таълими вазири ўзининг постини рус тилида чоп этган. Шерматов бу қарорини изоҳлар экан, “хатолар борасида норозилик чиқишлари кўпроқ русийзабон аудитория томонидан ва русийзабон гуруҳларда кўтарилаётганини” таъкидлаб ўтди. “Карантинга қарамай, миллий телерадиокомпания студияларида ҳар куни видеодарсларни эфирга узатиш олдидан кўриб назорат қилиш учун яхши муҳаррирларни топа олишимизга ҳамда хатолар борасидаги шовқинлар рус тилидаги дарсларни намойиш этишимизни тўхтатиб қўймаслигига дея умид қиламан”, — дейди вазир.

Ўзбекистонда масофадан туриб ўқитишнинг “онлайн-мактаб” лойиҳаси 30 март кунидан бошлаб ишга туширилди. Ҳар куни учта каналда соат 8.30 дан бошлаб педагоглар томонидан тайёрланган телевизион дарслар ўтказилмоқда. Дарс ўтаётган муаллимлар орасида давлат мукофотлари лауреатлари, дарсликлар муаллифлари ҳамда йилнинг энг яхши ўқитувчиси унвонига сазавор бўлган мутахассислар бор.

Масофадан туриб ўқитиш COVID-19 коронавирус инфекция пандемияси муносабати билан киритилган карантин чоралари доирасида жорий қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ