Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилида абитуриентлар ОТМга кириш учун икки марта имтиҳон топшириш имкониятига эга бўладилар. Биринчи бор — апрель-майдаги мактаб битирув имтиҳонлари пайтида, иккинчи бор — ёзда. Бундай имконият «Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини янада соддалаштириш тўғрисида»даги президент қарорида кўзда тутилган. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилган.
Моҳиятан, Ўзбекистонда мактабни битириш ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бирлаштирилган. Бу каби тизим Россияда мавжуд (Ягона давлат имтиҳони — ЕГЭ). Апрель-майда мактаб ўқувчилари учта мажтурий предмет ва танланган ОТМдаги мутахассисликка оид иккита фандан тест топширадилар.
Агар мактаб битирувчиси имтиҳондан ўтолмаса ёки унда иштирок этолмаса, ўқувчига иккинчи шанс берилади. У июль-августда аксари абитуриентлар қатори тестлар топшириши мумкин.
Янги форматдаги имтиҳонга Халқ таълим вазирлиги жавоб беради. Халқ таълими вазирлиги тест синови фанлари бўйича натижасини умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестатга қўйиш ва ягона маълумотлар базасига киритиш учун минимал кўрсаткични белгилайди, мактаб битирувчилари ҳақидаги тегишли маълумотларни ҳар йили 1 февралга қадар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилишини таъминлайди.
Мактаб битирув имтиҳонлари асосида ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши масаласи шу йилнинг февраль ойи бошида муҳокама қилинганди. Давлат тест маркази мазкур тизимни ишлаб чиқишда Россия (ЕГЭ), АҚШ (SAT) ва Буюк Британия (GCSE) тажрибаларини инобатга олганини қайд этди.
2019 йили ОТМга кириш тизимида талай ўзгаришлар киритилди. Абитуриентларга бирданига учта олий ўқув юртига киришга имкон берадиган битта имтиҳон топшириш шанси берилди. Шундан сўнг ОТМга кириш учун ариза топширганларнинг сони бир миллиондан ортиб кетди. Тестлар аввалгидек бир кунда эмас, деярли бир ой ичида, яъни 25 июлдан 20 августга қадар топширилди .