Карантин эълон қилинганидан сўнг Тошкентнинг чекка ҳудудларида маиший чиқиндилар уюмлари пайдо бўла бошлади. Шаҳарга кириш ва чиқишга чекловлар ўрнатилгани боис ахлатларни ташиш ишлари қийинлашган, деб хабар беради «Фарғона» мухбири.
Тошкентдаги маиший чиқиндиларнинг учдан икки қисмини ташиш «Махсустранс» давлат корхонасига тўғри келади. Карантинга қадар компаниянинг стандарт режимида ҳафтада икки марта ахлат ташиларди. Бироқ, мана бир неча кундан бери коммунал хизматчилар ишида муаммолар кузатилмоқда. «Махсустранс»дагилар буни шаҳарга кириш-чиқиш пунктларида навбатлар пайдо бўлгани билан изоҳлайдилар. Шунинг учун Тошкент вилояти Оҳангарон яқинидаги ахлатлар уюмига чиқиндиларни ташиётган машиналарнинг рейси камайиб, пойтахтнинг бутун туманларини тозалаш ишларига улгурмаяпти.
Корхона вакили карантин жорий этилганидан сўнг шаҳарликлар ахлат учун деярли пул тўламай қўйганларини айтади, бу эса ўз навбатида ишчиларга маош тўлаш, ёнилғи сотиб олиш ишларига салбий таъсир кўрсатади.
«Албатта, ахлатларни йиғиштирамиз, ҳеч қандай тирбандлик бўлмайди, лекин аввалгидек темпда иш кетмайди, сабр қилиш керак. Бу бизнинг айбимиз эмас», — дейди у раҳбариятнинг Экология бўйича давлат қўмитасидан молиявий ёрдам сўраганини қўшимча қиларкан.
«Махсустранс» корхонасининг оддий ишчиларига кўра, машина ҳайдовчилари ва юкчиларнинг кўпчилиги вилоятда истиқомат қиладилар ва ҳозирги жамоат транспортлари ҳаракати бекор қилинган шароитда уларнинг ишга етиб келиши қийинлашган. Ишчилар таксига ўз ҳисобидан пул тўлашга мажбур бўляптилар. Масалан, таксида Зангиота туманидан пойтахтга етиб келиш йўл кираси 30-35 минг сўм ($3-3,5) туради. Оддий ишчининг ойлиги бир миллиондан ($100) сал ортиқроқ. Ҳозирча бу масалада муаммо фақат шаҳарнинг чет ҳудудларида кузатилмоқда. Пойтахт марказидаги ахлатлар вақтида йиғиштирилмоқда.
Тошкент шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, шаҳарда 650 та ахлат йиғиш майдончалари мавжуд. Ахлатни ташиш билан 520 дона махсус техника ва икки мингта ишчи сафарбар қилинган. Пойтахтдан кунига 1,8-2 минг тонна чиқиндилар ташилади. Тошкентликларнинг ахлат уюмлари миқдори йилига 5-7 фоизга ортиб бормоқда.