Ўзбекистонда 65 нафар коронавирус юқтириб олган беморлардан 11 киши Вирусология илмий-текшириш институтида ишлайдиган медицина ходимларидир. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекциясига қарши курашни кучайтириш бўйича видеоконференцияда маълум қилди, дея хабар беради Repost.Uz Telegram-канали.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-лойиҳаси бўлган Koronavirus Info маълум қилишича, президентнинг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида«ги қарор билан коронавирусга қарши курашда қатнашаётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни рағбатлантириш тўловлари миқдори белгиланган. Ушбу жараён давомида коронавирус инфекциясини юқтирган ходимларга 100 млн сўм, саломатлиги тикланмаган ходимларга 250 млн сўм бир маротабали тўлов тўланади
Ушбу қарорга мувофиқ қуйидаги, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган ва зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (солиқлардан ташқари) белгиланди:
Даволовчи врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм ($2627); ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм ($1576); кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм ($1050); бошқа ходимларга — 5 миллион сўм ($525).
Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.
Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган ва ушбу ҳолат оқибатида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.
Ушбу тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 19 март куни тузилган коронавирус пандемиясига қарши кураш учун Инқирозга қарши кураш жамғармаси тасарруфига 1 миллиард доллар киритилган.
Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтиришнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган. Айни пайтда республикада коронавирус юқтириб олган беморларнинг сони 75 кишига етди. Карантинда 63 853 киши сақланмоқда, 50 100 киши шифокорлар назоратида уйларида ва 13 783 киши махсус муассасаларида жойлаштирилган.
25 мартдан бошлаб жамоат жойларида медицина ниқобларисиз юрган ўзбекистонликларни жаримага торта бошладилар. Эртаси куни эса карантин қоидаларини бузганлар учун жарима миқдори кўпайтирилди.