Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаган шахслар мулоқот учун керакли даражада давлат тилини билиши керак. 13 март куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда мана шундай талаб киритилган.
Ўзбек паспортини олиш учун аввалги умумий талаблар қолдирилган: бошқа давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштириш, яшашга рухсатнома олгандан сўнг республика ҳудудида беш йил муддат яшаш, яшаш учун қонуний манбага эга бўлиш, республика Конституциясига риоя этиш.
Қонунда фуқароликни тез ва истисно сифатида олиш шартлари кўрсатилган. Биринчи ҳолатда Ўзбекистонда яшаётган яқин қариндошга эга одамларнинг фуқароликни олиши тезлашади. Лекин яшаш манбаига доир, Конституцияга риоя қилиш ва давлат тилини билишига оид талаблар сақланиб қолинади.
Истисно сифатида «миллий манфаатлар» дан келиб чиқилган ҳолда фуқаролик бериши мумкин.
Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали таҳлилчилари қонундаги бошқа ўзгаришга эътибор қаратдилар. Ўзбекистон фуқаролигини фақат бир марта тиклаш мумкин бўлади (авваллари бу борада сон кўрсатилмаганди). Фуқаролигини йўқотган, бошқа давлат ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар тизимларида ишлаган, бошқа мамлакат фойдасига ишлаган ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноят собир этган шахслар фуқароликни тиклаш олмайдилар.
Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш билан боғлиқ амалиятга иккита янгилик киритилган. Биринчидан, Ўзбекистон фуқаролигини йўқотмаслик учун хорижда яшаётган ўзбекистонликларнинг консуллик учётида туриши муддати уч йилдан етти йилга чўзилди. Иккинчидан, вояга етмаган ёшда чет эл фуқаролигини олиб, 21 ёшга тўлгунга қадар у давлат фуқаролигидан чиқмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўлади.
«Фуқаролик тўғрисида» янги таҳрирдаги қонун эълон қилингандан сўнг олти ой ўтиб, яъни 2020 йил 15 сентябрдан кучга киради. Лекин айрим нормалар 1 апрелдан актуал ҳисобланади. Гап, 1995 йил 1 январдан Ўзбекистонда яшаётгани қайд этилган ва бошқа давлат паспортига эга бўлмаган шахсларга таалуқли. Улар яшаётган жойида ички ишлар бўлимига керакли ҳужжатларни топшириб, икки базавий ҳисоб миқдорида – 446 минг сўм ($47) давлат божини тўлашлари керак. Ҳужжатлар уч ой ичида кўриб чиқилади. Бундай процедурани жорий этишни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев январь ойида парламентдаги чиқишида таъкидлаб ўтганди. Президент жорий этилажак янги тартиблар 50 минг ватандошнинг муҳим муаммосини ҳал этишини айтиб ўтди.