Ўзбек мактабларида математика, кимё, физика ва биология дарсларининг 10 фоизигина амалий машғулотларга ажратилган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 30-50 фоизни ташкил этади.
Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев халқ таълимига бағишланган мажлисда аниқ фанлар учун кўпроқ вақт ажратилишига доир топшириқ берди.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига амалдаги жиҳозлаш ҳолатини танқидий ўрганиб, мактабларни замонавий лаборатория, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди.
Республика мактабларида 683 та физика, 897 та кимё, 901 та биология хонасида ўқув лабораториялар йўқ. 7 минг 807 та физика, 7 минг 776 та кимё ва 7 минг 770 та биология хонасининг жиҳозлари эскирган. 62 мингта синф хонаси замонавий ва янги ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган, 7 мингта компьютер етишмайди.
Мирзиёев мактаб лабораторияларини янги техника билан жиҳозлаш, ундаги дарслар сонини кўпайтиришни масаласини қўйди.
Мажлисда ўқитувчилар малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили аттестацияда иштирок этган қарийб 57 минг нафар ўқитувчидан 43 фоизи паст баҳо олгани, республика бўйича муаллимларнинг аттестация натижаларидаги ўртача кўрсаткичи 100 баллик баҳолаш тизимида 64 баллни ташкил қилгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари янги типдаги мактабларни қуриш, мавжудларини босқичма-босқич модернизация қилиш масаласи муҳокама қилинди. Ҳозирги кунда 9 минг 942 та мактабнинг 2 минг 835 таси таъмирталаб. 5 минг 861 тасида ўқувчилар сони сиғимига нисбатан кўплиги сабабли дарслар 2 сменада ўтилмоқда. Жорий йилда 36 та янги мактаб қурилиб, 211 тасининг капитал таъмирланиши белгиланган.
Кейинги йилларда республикада маориф масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Уч йил ичида 160 та умумтаълим мактаблари қурилди, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оширилди (уч йил ичида икки ярим борабарга), иқтидорли болалар учун президент мактаблари очилди, шунингдек ижодий мактаблар, «Темурбеклар мактаби» каби академик лицейлар барпо этилди. Маориф соҳасида кадрлар масаласини ҳал этиш мақсадида президент 2020 йил февраль ойида Самарқанд, Бухоро, Андижон, Термиз ва Шаҳрисабз давлат педагогик университетлари базасида бешта педагогик институт барпо этиш тўғрисида қарор имзолади.