Режиссёр Марк Вайль асос солган «Илҳом» театри биносиз қолиши мумкин. 7 февраль куни мулк эгаси Shodlik Palace маъмурияти номидан шу маънода билдиришнома келган, деб ёзади театр ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
Мулк эгаси ҳисобланмиш Ofelos Plaza МЧЖ хатида жорий йили Шайхонтохур тумани ҳокимлиги қарорига кўра, театр биноси жойлашган меҳмонхона тўлиқ реконструкция қилинади, чунки у «пойтахтнинг умумий кўринишини бузяпти». Шу муносабат билан «Илҳом» театри раҳбариятидан бошқа бино ахтариш сўралади.
Меҳмонхона 1994 йили хусусийлаштирилган. Унинг эгаси ҳисобланмиш «Шодлик» ОАЖ «Илҳом» театри эгаллаб турган бинони 2023 йилгача текинга ижарага бериш ва шундан сўнг автоматик равишда ижарани ўн йилга узайтириш борасида шартнома имзолайди. 2017 йили меҳмонхонани хусусийлаштириш бўйича қарор бекор қилинади ва бино давлат тасарруфига ўтади. Ҳозирда меҳмонхона театрни чиқариб юбормоқчи бўлган Ofelos Plaza мулки ҳисобланади.
«1976 йили «Илҳом» театри асосчиси Марк Вейлга давлат томонидан берилган ушбу маконнинг йўқотилиши деярли ўлим жазоси билан баробардир», – дейилади театр раҳбарияти баёнотида.
Театр ходимлари Ўзбекистон ҳукумати, томошабинлар, ҳамкасб ва журналистларга мурожаат қилиб, уларни «Илҳом» театрини сақлаб қолишга чорлайдилар.
«Биз шаҳар аҳли ва ҳукуматдан сўрамоқчимиз: ўзининг энг сара театрларининг биридан воз кечишга қадар Тошкент маъданий ва руҳий масканларга бойми? Янги меҳмонхона мажмуаси ёки савдо маркази дея шундай қурбонликка бориш ярайдими? Бизлар йўқ, деб ҳисоблаймиз. «Илҳом» шаҳримизга керак санъат даргоҳидир», – дейилади мурожаатда.
Марк Вайль 1976 йили Тошкент театр-бадиий институти битирувчилари билан ҳамкорликда театрчи ёшларнинг тажриба студияси сифатида «Илҳом» театрига асос солган.
Бугунги кунда мазкур санъат даргоҳи Ўзбекистондаги ягона нодавлат театри ҳисобланади. Бу жой нафақат театр, балки ижодий лаборатория ҳам ҳисобланиб, унда мунтазам мастер-класс, фестивал ва учрашувлар ўтказилади.