Ўзбекистонда Халқаро қиличбозлик академияси очилади

Pixabay.com сайти фотосурати

Тошкентда Халқаро қиличбозлик академияси очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) сайтида хабар берилган.

Академия юқори малакали ҳакам ва мураббийларни етиштириш учун хизмат қилади. МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмоновнинг Халқаро қиличбозлик федерацияси Ижроқўм вакиллари Азе Эрика, Новак Перович ҳамда Виталий Логвин билан учрашувида мана шундай қарорга келинди.

«Бизлар қўшни давлатлар билан спорт соҳасида муносабатларимизни ривожлантиришимиз керак. Ҳозирда Эрон ва Мўғилистон федерациялари бу ташкилотимизга қўшилиш истагини билдиришди. Ишонаманки, Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз асосида ташкил қилинадиган академия юртимизда қиличбозлик спортининг янада оммавийлашишига туртки бўлади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Академия Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Тошкентдаги қиличбозлик марказининг базаларида жорий йилнинг сентябрь ойида очилиши режалаштирилган.

Рустам Шоабдураҳманов ўтган йил май ойидан МОҚни бошқариб келмоқда. Бундан аввал у икки йил Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилган. 2008 йилдан бери Ҳалқаро қиличбозлик федерациясини ўзбекистонлик бизнесмен Алишер Усмонов бошқариб келади ва у ушбу спорт турини ривожлантириш учун ўн миллионлаб доллар сарфлаган.

Жаҳон миқёсида кўзга кўринган ўзбек қиличбози — Собиржон Рўзиев ҳисобланади. У собиқ СССР қиличбозлар жамоаси таркибида 1980 йилги Олимпиада ўйинларида кумуш медалини қўлга киритган. Шунингдек, Рўзиев икки марта СССР чемпиони, уч марта Европа кубоги соҳиби ва икки марта Жаҳон чемпиони саналади. Кейинги йилларда ўзбек қиличбозларининг ютуқлари анча пасайган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?