«Нукус шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Г.П. интернет тармоғи орқали «Марк Роберт» исмли шахс билан танишиб қолади. Нотаниш шахс унга АҚШда жойлашган нуфузли компанияга ишга киритиб қўйишини айтиб, ишончига киради» -.деб ёади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Postda газетаси.
Соддадил ўқитувчи июнь-август ойлари ичида ҳужжатлар, виза, йўлкира ва бошқа «харажатлар» учун жами 165 миллион 323 минг сўм ($17 тысяч) пул маблағини халқаро пул ўтказмалари орқали Нигерия давлатидаги ҳисоб рақамларига ўтказади. Турган гап, фирибгар ўзбекистонликни қув туширганди. ИИВ газетаси айни пайтда жиноятни содир этган шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилаётгани, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини ёзади.
Интернет, электрон почта пайдо бўлганидан сўнг, бу каби фирибгарлик авж ола бошлаган. Тузоққа туширувчи мактублар асосан «нигериялик шаҳзода мактублари» деб аталади. Унда мактуб олган шахсдан Нигерия шаҳзодаси ёки қиролига маълум фоиз эвазига мамлакатдан катта маблағни олиб чиқиб кетишга ёрдам сўралади.
Нигерияда бундай фирибгарлик Yahoo Yahoo ёки 419 (Нигерия Жиноят кодексининг фирибгарлик тўғрисидаги 419-моддаси) номи билан машҳур. Жорий йилнинг май ойида мамлакат ҳуқуқ тартибот органи ходимлари Лагосда махсус ноқонуний мактаб очган ташкилотчиларни ҳибсга олган. Бу ерда бўлажак фирибгарларга дарс берилган. Август ойида эса АҚШ ФҚБ агентлари машҳур нигериялик ишбилармон Обинванне Окекени фирибгарлик йўли билан $11 млн маблағни ўмарганликда айблаб қўлга олганлар. Ҳибсга қадар бизнесмен Окекенинг қурилиш, энергетика, қишлоқ хўжалигига доир активлари бўлган ва у тўғрисида ҳаттоки ғарбда энг машҳур саналмиш Forbes журналида «илҳомлантирувчи африкалик ишбилармон» сарлавҳаси остида мақола чоп этилган.