Қозоғистоннинг Каспий денгизи соҳилидаги Актау шаҳри аэропортида Озарбайжондан Россияга парвоз қилаётган йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Самолёт учиш-қўниш йўлаги яқинидаги далага қулаб, бир неча қисмларга бўлиниб кетди ва ёниб кетди. Баъзи йўловчилар — асосан самолётнинг дум қисмида жойлашганлар омон қолди. Фалокатга нима сабаб бўлганини терговчилар аниқлашади энди. Бу ходиса ҳатто экспертлар орасида ҳам жавоблардан кўра кўпроқ саволларни туғдирмоқда. Ҳозиргача мазкур воқеага оид маълум бўлган маълумотлар «Фарғона» материалида.
25 декабрь куни соат 06:56 да (Москва вақти билан) Azerbaijan Airlines компаниясининг борт рақами 4К-АЗ65 бўлган Embraer E190 самолёти Озарбайжон пойтахтидан Россиянинг Грозний шаҳрига учди. Бу йўл қисқа ва тахминан бир соат давом этади. Бироқ, самолёт ёмон об-ҳаво туфайли белгиланган портга қўна олмади. Ахмат Қодиров номидаги аэропорт бош директори Алви Шахгириев журналистларга берган маълумотига кўра, Embraer уч марта қўнмоқчи бўлган, аммо туман ва паст булутлар туфайли қўна олмаган.
«У бизнинг диспетчерларга Бокуга қайтаётганини айтди. Кейин фикрини ўзгартирган ва Ақтауга йўл олган», — дейди Алви Шахгириев. Унинг сўзларига кўра, парвоз одатдагидек давом этган. Командир бортда бирор муаммо юз бергани ҳақида хабар бермаган.
Ўша куни Грознийга Украина дронлари ҳужум қилган, уларнинг барчаси уриб туширилган, баъзи оммавий ахборот воситалари самолёт шу сабабдан қўна олмаган, деб тахмин қилишди, бироқ Шахгириев бу версияни рад этди. «Мазкур самолёт бизда «Ковер» («Гилам») режаси жорий этилишидан олдин тарк этганди (бу режим дронлар ҳужуми пайтида эълон қилинади. – «Фарғона» изоҳи), – дейди у Regnum агентлигига берган интервьюсида.
Лайнернинг тирик қолган йўловчиларидан бири Субхонқул Раҳимов кейинчалик Грознийга қўнишга уч марта муваффақиятсиз уринишлар ҳақида гапириб берди. «Ҳисоб-китобларимга кўра, самолёт икки марта қўнишга уринди. Учинчи марта нимадир портлади», — деди у Russia Todayга. «Портлаш юз берди – бу самолёт ичида юз берди деб айтолмайман. Мен ўтирган жойда ёнимдаги қоплама учиб кетди».
Раҳимовнинг сўзларига кўра, у қутқарув жилетига қўл чўзган ва уни жисм бўлаги тешиб юборганини кўрган. «Мен жилетни олдим ва қарадим: жилетда тешик бор эди — уни парча тешиб юборганди. Ўша портлашдан сўнг, оёқларим орасига – қаердандир парча учиб келганди. У жилетни тешиб юборганди», — дейди телеканал суҳбатдоши.
Қўнишга бўлган муваффақиятсиз уринишлардан сўнг учувчилар самолётни Қозоғистон томон йўналтира бошлашган. Ҳалокатдан олдин у Каспий денгизи устидан беқарор учиб борган, баландлик ва тезликда сезиларли ўзгаришлар бўлган. Йўловчилар томонидан олинган кадрларда кислородли ниқоблар салонда осилиб ётгани, шунингдек, чап қанотда жиддий шикаст етганини кўриш мумкин.
Москва вақти билан 8:35 да экипаж авария сигналини юборади ва бошқарув тизимининг носозлиги ҳақида хабар беради. Москва вақти билан 9:02 да самолёт Ақтауга фавқулодда қўнишни сўраб, Қозоғистон ҳаво ҳудудига киради. Экипаж direct mode режимда (автопилот иштирокисиз тўғридан-тўғри бошқариш) бажаришга ҳаракат қилади. Москва вақти билан 9:28 да самолёт билан алоқа узилади ва Москва вақти билан 9:37 да у ер билан тўқнашади. Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаевнинг сўзларига кўра, самолёт Актау аэропорти яқинида икки марта бурилиш қилган ва учинчисида қулаган. Самолётнинг қора қутиси топилган ва жиноят ишига далил сифатида бириктирилади.
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари самолёт ҳалокати сабабларини ўрганади. ORDA.kz терговдаги манбаларга таяниб ёзишича, ҳалокатга учраган кема бортида фуқаролари бўлган Озарбайжон ва Россия авиаҳалокатни текширувчи комиссияга расман аъзо бўлишни «сўраган», бироқ Қозоғистон рад жавобини берган. Улар фақат кузатувчи сифатида қатнаша олади.
«Шундай қилиб, барча фактлар, қора қути ва далиллар бизнинг қўлимизда бўлади», — деган тергов комиссияси аъзоси нашрга.
Ҳозирга қадар содир бўлган воқеаларнинг бир нечта версиялари айтилди. Биринчидан, Федерал ҳаво транспорти агентлиги (Росавиация) матбуот котиби Артем Кореняконинг хабар беришича, самолёт қушлар билан тўқнашиб кетган. «Даставвал: қушлар билан тўқнашувдан сўнг, самолёт бортида юзага келган фавқулодда вазият туфайли унинг командири муқобил аэродромга «кетишга» қарор қилган – у Ақтауни танлаган», — деб ёзган у ўзининг Телеграм-каналида.
Россиянинг ТАСС агентлиги хабарига кўра, Azerbaijan Airlines ҳам воқеадан кўп ўтмай самолёт қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани эҳтимоли ҳақида хабар берган. Бироқ, авиация мутахассиси Серик Мухтибаев оқилона таъкидлаганидек, қушларнинг бир вақтнинг ўзида иккита двигателга кириб кетиши қийин, аммо парвозни битта двигателда ҳам давом эттириш мумкин. Бундан ташқари, экипаж бир соатлик парвоздан сўнг техник муаммолар ҳақида хабар берган — бу вақтда самолёт жуда катта баландликка қўтарилган бўлади.
Иккинчи версияга кўра, қушлар билан тўқнашувдан сўнг самолёт бортида баллон портлаган. Бу ҳақда Манғистау вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, шунингдек, воқеа гувоҳлари хабар берди. «Самолёт бортида газ баллонлари бўлмайди. Максимал бўлиши мумкин бўлган нарса — кислород баллони бўлиб, у реанимация пайтида биринчи ёрдам қутисида сақланади. Самолёт бортида яна қандай баллонлар бўлиши мумкинлиги номаълум. Ёнғин ўчириш мосламалари портламайди. Кислород баллони уни фақат оловга ташлаган тақдирдагина портлаши мумкин», — дейди Avia.ru портали муҳаррири Роман Гусаров «Взгляд» нашрига ушбу версияни изоҳлар экан.
Фавқулодда хизматлардаги манбанинг «Интерфакс» агентлигига маълум қилишича, ҳалокатдан олдин экипаж диспетчерларга «асосий тизимлардан бири» ишламай қолгани ҳақида хабар берган, лекин улар қайси тизим ҳақида гапираётганини аниқламаган. Шу билан бирга, агентлик манбасининг таъкидлашича, техник носозлик версияси «ҳозирда устувор вазифа сифатида кўрилмоқда».
Ҳалокатга учраган Embraer E190AR 11 йил олдин фойдаланишга топширилган. Azerbaijan Airlines самолёт яқинда, 2024 йил 18 октабрда тўлиқ техник кўрикдан ўтганини маълум қилди.
Ва ниҳоят, ҳалокат сабабларининг яна бир версияси фотосуратлар ва видеолар нашр этилгандан сўнг пайдо бўлди, унда самолёт фюзеляжидаги шикастловчи элементларнинг изларига ўхшаш кўплаб майда тешикларни кўриш мумкин. Бироқ, фавқулодда вазиятни тергов қилувчи комиссияга раҳбарлик қилаётган Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Канат Бозумбаев тергов якунланмагунча уларнинг келиб чиқиши ҳақида хулоса чиқаришни қатъиян тавсия қилмайди.
«Мен бевақт баёнот беришга журъат этолмайман. Ҳатто дастлабки сабабларни ҳам аниқлашнинг иложи йўқ: керакли иш ва текширувларни ўтказадиган мутахассислар бор», — дея таъкидлайди у.
Ҳалокатга учраган лайнер бортида жами 67 киши — 62 йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган, улардан 38 нафари ҳалок бўлган, 29 нафари тирик қолган. Барча жабрланганлар шифохонада. Омон қолганлар орасида 9 нафар россиялик бор, бортда жами улар 16 нафар бўлган, деб ёзади РБК. Шунингдек, йўловчилар орасида олти нафар қозоғистонлик ҳам бор, уларнинг барчаси республика ФВВ томонидан эълон қилинган ҳалок бўлганлар рўйхатидан жой олган. Булар 1988 йили туғилган Сандибек Тулесинов, 1985 йили туғилган Бауиржан Джумагулов, 1978 йили туғилган Галина Махсудова (учаласи ҳам Мангистау вилоятида яшаган), 49 ёшли нотариус Гауҳар Шаймерденова 11 ёшли ўғли Элдар билан ва 29 ёшли Салима Джутаева.
Самолёт бортида 37 нафар Озарбайжон фуқароси ҳам бўлган, улардан 23 нафари ҳалок бўлган, қирғизистонлик уч нафар одам тирик қолган.
Ҳалок бўлган озарбайжонликларнинг жасадлари яқин кунларда ватанига жўнатилади. Жабрланганларни ташишга рухсат берилган заҳоти улар учун алоҳида рейс ташкил этилади. Самолёт ҳалокати туфайли Озарбайжон президенти Илҳом Алиев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этиши керак бўлган Россияга ташрифини тўхтатиб, Бокуга қайтди.
Озарбайжонда 26 декабрь мотам куни деб эълон қилинди.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида