Сургундаги воиз

Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?
ФАТҲУЛЛОҲ ГУЛЕН

2024 йил 20 октябрда турк ислом олими, файласуфи, ёзувчи ва жамоат арбоби, турк жамияти ва сиёсатига улкан таъсир ўтказган Фатҳуллоҳ Гулен 83 ёшида АҚШда вафот этди. Гулен сўнгги ўн йилликларни «ихтиёрий-мажбуррий» сургунда ўтказган Пенсильваниядаги уйида вафот этди.

Қарама қарши фикрлар гирдобида қолган Гулен қанчалик ҳозирги турк тарихида чуқур из қолдирди. Гуленнинг тарафдорлари уни «жамиятга хизмат қилувчи «Ҳизмет» ҳаракатининг асосчиси, маънавий етакчиси ва ислоҳотчиси деб билса, танқидчилари эса уни «параллел давлат» барпо этмоқчи бўлган манипулятор ва давлат душмани деб атаганди.

Унинг ҳаёт йўли Туркиядаги дунёвий давлат ва ислом ўртасидаги муносабатларнинг мураккаб траекториясини ўзида акс эттирган ва унинг мероси, шубҳасиз, келгуси йиллар давомида муҳокама қилинади. Гуленнинг ўлими Туркия сиёсати ва ижтимоий ҳаётида бир даврнинг тугашини кўрсатиб, тез ўзгариб бораётган дунёда ўзи яратган ҳаракатнинг келажаги ва ғоялари тақдири ҳақида кўплаб саволларни мерос қолдирди.

* * *

Фатҳуллоҳ Гулен 1941 йил 27 апрелда Туркиянинг Исванжик шаҳрида туғилган. Мадрасада ислом илоҳиёти бўйича таҳсил олган, ўз фаолиятини 1950-йиллари воизликдан бошлаган. Гуленнинг илк йилларида турли таълим муассасаларида дарс берганлиги унинг келгуси фаолиятига асос солган.

1970-йиллари Гулен «Ҳизмет» ҳаракатига асос солган ва бу ҳаракат унинг диний ва ижтимоий фаолиятининг марказига айланган. Ҳаракат таълим ислоҳоти ва маданиятлараро мулоқотга эътибор қаратган. Гулен ислом қадриятларини замонавий таълим билан уйғунлаштиришга интилган, бу нафақат Туркияда, балки хорижда, жумладан, Марказий Осиё, Европа ва АҚШда кўплаб мактаб ва таълим муассасаларининг пайдо бўлишига олиб келган.

Гулен, таълим ташаббусларидан ташқари, издошлари орасида хайрия ва ижтимоий масъулиятнинг муҳимлигига урҳу бериб келган. Унинг дунёвий ислом ҳақидаги ғоялари замонавий турк жамиятига катта таъсир кўрсатган, ўзи яратган таълим муассасалари тармоғи ва медиа ресурслари унинг ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилган.

Гуленнинг Туркиядаги сиёсий роли муҳим бўлгани билан бир қаторда мунозарали бўлган. 2000-йиллар бошида унинг «Ҳизмет» ҳаракати Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг Адолат ва тараққиёт партиясини (АТП) қўллаб-қувватлаган, уларни демократик тузум доирасида исломий қадриятларни тарғиб қилишга қодир куч сифатида билган. Бу ҳамкорлик АТПнинг Туркия сиёсатидаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берган.

Бироқ, 2013 йилга келиб Гулен ва Эрдўғон ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашади. Эрдўғон ҳукумати Гулен ҳаракатининг кучайиб бораётган таъсирини ўз кучига таҳдид сифатида кўра бошлайди. Бу қарама-қаршилик 2016 йил июль ойида Туркия ҳукумати Гулен ва унинг издошларини уюштирганликда айблаган давлат тўнтаришига уриниш билан якунланади.

Гулен давлат тўнтаришга уринишда алоқаси борлигини қатъиян рад этган, бироқ бу Туркия ҳукуматини унинг ҳаракатини террорчи ташкилот деб эълон қилишига тўсқинлик қилолмайди. Гулен тарафдорлари экани айтилаётган минглаб одамлар ҳибсга олинади ёки оммавий тозалашлар натижасида ҳукумат лавозимларидан ҳайдалади.

Расмий Анқара Гулен томонидан яратилган «Ҳизмет» ташкилотини FETO («Фатҳуллоҳ Гулен террор ташкилоти») деб атайди. Бу можаро нафақат Туркиянинг сиёсий манзарасини ўзгартирибгина қолмай, балки Гулен 1999 йилдан бери истиқомат қилаётган Туркия ва АҚШ ўртасида жиддий дипломатик зиддиятларга ҳам олиб келади. Туркия уни экстрадиция қилишни бир неча бор талаб қилган, бироқ Қўшма Штатлар унинг айбини тасдиқловчи етарли далил йўқлигини баҳона қилиб, бу талабни бажаришдан бош тортган.

Сургунда бўлишига қарамай, Гулен Туркия сиёсатида нуфузли шахс бўлиб қолаверади, бу кўпчилик учун исломнинг замонавий жамиятдаги ўрни ва мамлакат бошқарувидаги авторитар тенденцияларга қарши курашнинг муқобил қарашлари рамзи эди.

Гулен узоқ йиллар АҚШда яшаган бўлса-да, нашрлар, интервьюлар, видеомурожаатлар орқали Туркиядаги ва туркий дунёдаги издошларига сезиларли таъсир ўтказишда давом этган. Кейинги йилларда у турли халқаро форум ва конференцияларда қатнашиб, динлараро мулоқот ва таълим ҳақидаги ғояларини ривожлантиришда давом этган. Бироқ, унинг ҳаёти Туркия ҳукумати томонидан экстрадиция қилиниши ҳақидаги доимий талаблар ва давлат тўнтариши уюштиришда айбловлар остида қолиб кетганди.

Гулен мероси қизғин муҳокама қилинадиган мавзу бўлиб қолмоқда. Ўз тарафдорлари учун у таълим ва маданиятлараро мулоқотни тарғиб қилувчи, инсонларни илҳомлантирувчи маънавий раҳбар эди. Унинг ислом динини замонавий демократия ва илм-фанга уйҳунлаштириш ҳақидаги ғоялари бутун дунёдаги кўплаб мусулмонларга таъсир кўрсатганди.

Танқидчилар эса Гуленни параллел давлат тузилмаларини яратишга ва Туркия Республикасининг дунёвий асосларига путур етказишга интилаётган манипулятор сифатида қарашган. Унинг ҳаракати ноаниқ ва ёпиқ таъсир кўрсатувчи тармоқларни яратишда айбланган.

Баҳолардан қатъи назар, Гуленнинг турк жамияти ва сиёсатига таъсирини инкор этиб бўлмайди. У яратган мактаблар, оммавий ахборот воситалари ва хайрия ташкилотлари тармоғи Туркиядаги қатағонлардан кейин сезиларли даражада қисқарган бўлса-да, кўплаб мамлакатларда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Фатҳуллоҳ Гулен ҳаёти замонавий Туркияда дин, жамият ва сиёсат ўртасидаги муносабатларнинг мураккаб динамикасини акс эттирди. Унинг исломий қадриятларни замонавий таълим ва демократия билан синтез қилиш ҳақидаги ғоялари бутун дунё туркийлари ва мусулмонларининг бутун авлодига чуқур таъсир кўрсатди.

Бироқ, унинг фаолиятининг зиддиятли табиати ва Туркия ҳукумати билан зиддиятлари аралаш мерос қолдирди. Гуленнинг ўлими Туркия сиёсатида бир даврнинг тугашини англатади, аммо унинг роли ва таъсири ҳақидаги баҳслар, шубҳасиз, келгуси йиллар давомида давом этади.

Дунё бўйлаб тарқалган Гулен мактабларига нима бўлади?

2016 йил июлидаги давлат тўнтаришига бўлган уринишдан сўнг Туркия ҳукумати йигирмадан ортиқ давлатда Гулен ҳаракати билан боғлиқ 232 та мактабни ўз назоратига олди. Бу мактаблар Туркия давлати Маориф фондига ўтказилди.

Аммо шуни таъкидлаш жоиз, айрим давлатлар Туркия босимига қарамай, бу мактабларни ёпишдан бош тортди. Булар, жумладан, фақат раҳбарияти ва ўқитувчиларини синчиклаб текширишга ваъда берган Қозоғистон ва Гулен мактаблари мамлакатдаги энг яхши мактаблардан бири саналадиган Қирғизистондир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ