Бола ширин — одоби ундан ширин

Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди
dc-october.ru сайти фотосурати

Айрим ота-оналар бола тарбиясида баъзида куч ишлатиш мумкин, деб ўйлашади – улар наздида болага бир шапалоқ тушириш ёки ёмон хулқ-атвори учун камар билан савалаш фойдадан ҳоли эмас. Бундай ҳолатлар, айниқса, эркаклар сўзсиз етакчи бўлган ва нафақат ҳимоясиз болаларни, балки аёлларни ҳам камситишларига имкон берадиган оилаларда тез-тез учраб туради. Зўравонлик болажоннинг заиф психикасида ўчмас из қолдириши мумкин, дея камдан кам инсон ўйлайди.

Аммо сўнгги пайтларда ўзбекистонлик депутатларни болаларга жисмоний жазо қўлланилаётгани билан боғлиқ муаммолар ташвишга солмоқда. Февраль ойи охирида республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси болалар тарбиясида жисмоний жазо қўлланишини тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Нега расмийлар «заифни уриш яхши эмас» аксиомасини қонун ҳужжатида муҳрлаб қўйишга қарор қилишганини «Фарғона» ўрганиб чиқди.

Ҳуқуқий таълим

Қонун лойиҳаси «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида» деб номланади. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги директори Мансурбек Полвонзода мазкур ҳужжатни парламентда тақдим этар экан, «куч ишлатиш тарбияси»га қарши чора кўриш зарурлигини кўрсатувчи қатор статистик фактларни келтирди.

Шундай қилиб, мулозим келтирган маълумотларга кўра, 2021 йили болаларга нисбатан 1831 та жиноят қайд этилган бўлса, бир йилдан сўнг бу кўрсаткич 20 фоизга ошган ва 2194 эпизодга етган. Жинсий зўравонликка дучор бўлган вояга етмаганлар сони ҳам тахминан бир хил миқдорда ошган. Ва бу, жаҳон амалиётига кўра, болаларнинг қарийб 80 фоизи қўрқув ёки оила шаънини ўйлаб, бошдан кечирган оғриқларини бировга айтишмайди, «ёпиқ қозон» ёпиқлигигача қолишини тўғри деб билишади.

Ижтимоий таъминот агентлиги раҳбари қонун лойиҳасининг долзарблигини ёшлигида жисмоний азоб ёки зулмга чидаганларнинг 60 фоизи руҳий носоғлом бўлиб улғайиб, жиноят содир этишга ва ўз жонига қасд қилишга мойиллиги ҳақидаги маълумотлар билан тасдиқлади.

Ўзбекистонда кўпчилик катталар болани тарбиялашда унинг юмшоқ жойига уриш, бақириш, ҳатто юзига бир-икки шапалоқ уришни ёмон деб билмасликлари, муаммони янада кучайтиради. Полвонзоданинг сўзларига кўра, бу ерда асосий далил «бола меники – у билан нима хоҳласам, шуни қиламан» деган тушунчадир.

ЮНИCEФнинг ўтган кузда ўтказган тадқиқотлари ҳам ота-она тарбия услубларига муносабат билдириш зарурлигини кўрсатади. Ушбу статистик маълумотларга кўра, бир ёшдан 14 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароларининг 70 фоизи ота-оналари томонидан қаттиқ тарбияга дучор бўлишган, уларнинг 30 фоизга яқини жисмоний жазога тортилган. Бундан ташқари, тадқиқотда қатнашган 11% болаларнинг оналари ёки васийлари бола тарбиялашда албатта уларни калтаклаш зарур, деб ҳисоблашади.

Яна бир ачинарли факт: расмий маълумотларга кўра, 2023 йилнинг тўққиз ойида оиладаги зўравонлик оқибатида 22 нафар бола ҳалок бўлган.

Афтидан, шунинг учун ҳам қонун лойиҳасида ота-оналар учун фарзандлар тарбиясида жисмонан жазолашни тақиқловчи банд киритилган. Худди шу нарса ўқитувчиларга ҳам тегишли: ҳужжатга кўра, таълим муассасаларида жисмоний жазо, бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатлар ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат тарзидаги интизомий жазо чораларига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларининг таърифлари сони кенгаймоқда — учдан олтитагача. Агар жисмоний, жинсий ва психологик ҳолатлар ҳозирда кўрсатилган бўлса, қонун кучга киргандан кейин уларга қуйидагилар қўшилади:

✅ ғамхўрлик етишмаслиги — боланинг соғлиғи ва ривожланишига жиддий таъсир қиладиган эҳтиёжларнинг қониқтирилмагани ;

✅ эксплуатация — болани меҳнатга мажбурлаш (бунга, шунингдек, жинсий эксплуатация, одам савдоси, тиланчиликка йўналтириш, мажбурий никоҳ, мажбурий диний таълим ва бошқалар киради);

✅ буллинг — болаларни ҳақорат қилиш, бойкот, боланинг бирор хусусиятини муҳокама қилиш, шунингдек, уни интернетда орбўсизлантириш.

Болаларни ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳасининг парламентдаги муҳокамаси. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати фотосурати

Қонун лойиҳасида зўравонликка учраган болаларга ҳимоя ордери берилиши кўзда тутилган. У болага ёки унинг қонуний вакилига (васийсга) бир йилгача узайтириш имконияти билан 30 кун муддатга берилади. Вояга етмаганларга, шунингдек, тажовузкорнинг хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш масаласи бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, болаларни ҳимоя қилиш чоралари нафақат жабрланувчининг баёноти ёки бошқа шахсларнинг хабарларидан кейин, балки оммавий ахборот воситалари ва Интернетда, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги нашрлар асосида ҳам қўлланилади. Бу муҳим жиҳат, чунки айнан хусусий каналлар ёки давлат каналлари орқали тарқатилаётган видеолар туфайли Ўзбекистон фуқаролари жиноятлар ҳақида кўп маълумот олишади. Ва шундан кейингина вазиятни ўрганишга ички ишлар органлари ходимлари жалб қилинади.

Бироқ, Полвонзода таъкидлаганидек, қонун лойиҳасининг асосий мақсади жазони кучайтириш эмас, балки зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, оилаларда фаровонликни таъминлаш, шунингдек, катталар ғазабидан жабрланган болалар билан ишлаш тизимини яратишдан иборат.

Турли вазн тоифаларида

«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳокимият йўлакларида кезиб юрган бир пайтда, Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати шу мавзуда бир нечта хабарларни эълон қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг аралашувига яна ижтимоий тармоқларда кенг шов-шувга сабаб видео асос бўлди. Кадрларда мактаблардан бирида олиб борилаётган тарбиявий ишлар акс этган: ўқитувчи икки ўқувчинининг бошини бир-бирига уриштиради, сўнг улардан бирининг бошига зарбалар тушади.

Раҳмоновага кўра, жорий йил январь ойида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 80-сонли мактабда жисмоний жазо қўлланилган. Шу тариқа, таълим муассасаси директори 7-синф ўқувчиларини партани синдиришгани учун жазолаган. Маҳаллий ҳуқуқ тартибот органи ушбу факт юзасидан терговга қадар текширув бошлаган. Болалар омбудсмани вазиятни ўз назоратига олди ва ҳодиса юзасидан тергов бориши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ваъда берди.

Матбуот хизматининг яна бир хабари таълим муассасасида эмас, балки оиладаги зўравонлик билан боғлиқ даҳшатли воқеа билан боғлиқ бўлди. Бу фавқулодда ҳолат январь ойида маълум бўлди — яна видео аввал интернетда пайдо бўлди, кейин эса расмийлар жараёнга аралашишди. Видеода аёл болани бешикка боғлаб, таёқ ва бошқа нарсалар билан ураётганини кўриш мумкин. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гўдакни қийнаётган аёл Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи шахс эканлигини аниқладилар. У олти ёшли боласини бир ярим йилдан бери камситиб келган.

Йил бошида ўзбекистонлик аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари («Вояга етмаган, ночор аҳволдаги шахсни қийноқларга солиш») билан иш қўзғатилган. Март ойида янги айблов қўлланилгани ҳақида маълум бўлди — судланувчи қўшимча равишда Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш») билан айбланди. Иш материаллари судга топширилган ва тез орада золим «қаҳрамон»га қандай жазо белгиланганини биламиз. Эҳтимол, психиатрия мутахассислари бу аёлни боласини мунтазам равишда калтаклашга ундаган сабабларни тушунтириб беришар?

Оилавий зўравонликнинг яна бир очиқ мисолини — ота нима учун болага қўл кўтаргани ҳолати билан танишамиз. Тегишли видео 2024 йил январь ойи охирида ижтимоий тармоқларда тарқалди ва февраль ойида ҳукумат расмийлари воқеа тафсилотларини маълум қилишди. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи 42 ёшли фуқаро тўрт яшар ўғлини ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўрагани учун калтаклаган. Шаҳар суди золим отани ўн суткага маъмурий қамоққа олишга ҳукм қилди.

15 суткали контент

ЮНИСEФнинг юқорида тилга олинган тадқиқотида яна бир қайғули статистик факт келтирилади: 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди.

Яъни, ўзбекистонлик аёлларга болалигиданоқ турмушда калтакланиш одатий ҳол деб ўргатилади.

Айрим блогерлар мазкур тушнчани жамоатчилик онгига сингдиришга ҳаракат қилишмоқда. Йўқса, йил бошида аёлларга нисбатан зўравонликни тарғиб қилувчи бир нечта резонансли видеолар пайдо бўлишини яна қандай изоҳлаш мумкин?

psy.su сайти фотосурати

Келинг, муаллифларига суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилган видеодан бошлайлик. Видеонинг қисқача тавсифи қуйидагича. Бошида эр хотини билан жанжаллашиб, кўп ўйламай, оиладаги можарони ҳал қилишнинг энг самарали йўли сифатида хотинининг юзига мушт туширади. Калтак еган қиз ота-онасининг уйига боради. Кейин бу ишга ота аралашади. Қизининг шикоятларини тинглаганидан сўнг, ота куёвининг олдига келишини ва уни калтаклашини тасаввур қилиб кўради. Йигит бу фантазияда ғазабланган қайнотага, қизингни ол, лекин у шарманда бўлади, энди у фақат бировга иккинчи хотин бўлиши ёки кимнингдир жазмани бўлиши мумкин, дея жавоб беради. Кекса ота қизини бир эркак кутиб олаётгани ва бошқаси кузатиб қўяётганини тасаввур қилади. Хаёлдан реал ҳаётга қайтгач, ота жабрланган қизининг ўзи айбдор экани ва у эри ҳузурига қайтиб бориши кераклигини айтиб, баланд оҳангда таъна қила бошлайди.

Кўп ўтмай, милиция баённомасида Ш.Ў ва Р.А. деб кўрсатилган видеоролик муаллифлари мазкур видеони интернетдан олиб ташлашган. Ўша пайтга келиб видео нафақат интернетда тарқалган, балки гендер зўравонлигига қарши курашувчи нуфузли Nemolchi.uz онлайн лойиҳаси эътиборига ҳам тушган ва у мазкур контент зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилишини таъкидлаган.

Блогерлар гендер тенглиги ҳақидаги қонунни бузганликларини англаб етганликларини, бундан кейин бундай нарсаларни суратга олмасликларини айтиб, узр сўраб видеомурожаат ёзишга шошилишади. Ўзбекистонда одамлар кўпинча бундай ҳолатни «тушунишади ва кечиришади», лекин маълум бўлишича, бу сафар эмас. Видео муаллифларига нисбатан иш очилади ва 27 январь куни суд уларни классик жазо — 15 суткага ҳукм қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тўрт моддаси бўйича айбдор деб топилган. Булар жумласига нафақат шафқатсизлик ва гендер дискриминациясини тарғиб қилиш, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг талабларини бажармаслик, Миллий гвардия ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришига қаршилик кўрсатиш ҳам киради. Блогерлар униформадаги одамларнинг ишига қандай қилиб «аралашиб қолгани» номаълум, аммо бу жиноятлар суд ҳукмига таъсир қилган. Қизиқарлиси, жанжалга сабаб бўлган видео муаллифлари, агар улар фақат уйдаги зўравонликни оқлаганликлари учун интернетга тегишли материалларни жойлаштиргани учун судланганида, 15 суткалик жазо олишармиди?

Январь ойида Фарғона вилоятидан бўлган блогер Сухробиддин Мухтординовнинг иши катта шов-шувга сабаб бўлди. У «Сизга бундай муносабатлар керак эмас» деб номланган сценарий ёзган. Видео бошида эр-хотин жанжаллашаётгани ва жанжалга аралашишга қарор қилган йигит яқиндан ўтиб кетаётгани кўрсатилган. «Қутқарув хизмати психологи» функцияларини ўз зиммасига олган персонаж спектаклдаги бошқа образларга – эр-хотинга яқинлашади ва бирданига бир оғиз сўз айтмай, қизнинг жағига туширади. Нокдаундан сўнг, у бироз довдираб қолган йигитни бағрига босиб, унга: «Дўстим, сенга бунақа муносабатнинг нима кераги бор?», дейди. Блогерга бу манзара кулгили туюлгандир, лекин бу ерда қувонадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳе йўқ, бе йўқ ўткинчи одамдан калтак еган ожиза аёл қандай ҳолатга тушиши мумкин?!

Расмийлар интернетда ушбу видео танқидга учраганига эътибор қаратишди ва кўп ўтмай Фарғона вилояти ИИБ Мухтординов зулм ва зўравонликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш ва намойиш этиш моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилганини маълум қилди. Ўзбекистонда одат тусига кирганидек, видео муаллифи узр сўраб видеомурожаат қилди ва унда хато қилгани, ўзини тўғрилаши бу ишлар бошқа такрорланмаслигига сўз берди. Маълумки, Ўзбекистон фуқароси айбдор деб топилган, аммо унга қандай жазо тайинлангани – жаримами ёки 15 сутклик қамоқ – ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари буни сир қолдиришди.

***

Юқорида санаб ўтилган мисолларга қараганда, ўзбек жамиятида нимадир нотўғри кетяпти. Одамлар зўравонликни меъёр сифатида қабул қила бошлаганлар ва унинг энг ёмон шакли — шубҳасиз заифроқ бўлган инсонларга нисбатан. Энди эса профилактика чораларини кўриш ва республика қонуни матнига «болаларни калтаклаб бўлмайди», деган оддийгина ҳақиқатни муҳрлашга тўғри келади. Лекин, бу чоралар ожизларга қўл кўтаришга одатланган мамлакат аҳолисига таъсир қиладими ёки йўқ, бу савол очиқлигича қолади.

2023 йил кузида, ҳужжат энди экспертлар ўртасида муҳокама қилинаётган пайтда, ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис, агар шундай қонун қабул қилинса, бу Ўзбекистон ёшлари ҳаётини ўзгартиришини, уларни ҳимоя қилишга, ўз салоҳиятингизни рўёбга чиқаришларига ёрдам бериши мумкинлиги айтиб ўтганди.

«Қонун лойиҳасининг матни ва мақсади болаларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини акс эттириши, қонун шунчаки қоғоздаги сўзлар бўлиб қолмай, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи куч бўлиши лозим», — дея таъкидлайди Де Доминицис.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди