Самарқандда Жаҳон шахмат Олимпиадалари тарихидаги энг йирик мусобақа бошланди

Ташкилотчилар фотосурати

Самарқандда 15 сентябрь куни FIDEнинг 46-Жаҳон шахмат Олимпиадаси бошланди. Мусобақада рекорд даражадаги 400 та жамоа иштирок этмоқда: 208 та жамоа очиқ турнирда, 192 та жамоа эса аёллар ўртасидаги баҳсларда қатнашади. Бундан аввалги рекорд 2024 йилда Будапештда қайд этилган бўлиб, унда 380 та жамоа иштирок этган, деб хабар беради Халқаро шахмат федерацияси (FIDE).

Очилиш маросими 15 сентябрь куни бўлиб ўтади, биринчи тур эса 16 сентябрда ўтказилади. Жамоалар жами 11 турни Швейцария тизими бўйича ўтказади. Баҳслар Самарқанддаги Silk Road халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтади. 22 сентябрь дам олиш куни сифатида белгиланган. Мусобақа 27 сентябрь куни якунланади.

Самарқандга FIDE жаҳон рейтингидаги амалдаги кучли ўнликдан саккиз нафар шахматчи ташриф буюрди. Булар америкаликлар Фабиано Каруана ва Уэсли Со, ўзбекистонликлар Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Абдусатторов, германиялик Винсент Кеймер, ҳиндистонликлар Рамешбабу Прагнанандха ва Аржун Эригайси, шунингдек, Нидерландия вакили Аниш Гири. Амалдаги топ-10 шахматчиларидан фақат Магнус Карлсен ва Хикару Накамура мусобақа аризаларида йўқ.

Очиқ турнирда саралашнинг биринчи рақами АҚШ терма жамоасига берилди. Ундан кейин Олимпиаданинг амалдаги ғолиби Ҳиндистон, мусобақа «мезбони» Ўзбекистон, Хитой ва Германия терма жамоалари жойлашди.

Ўзбекистон терма жамоасига жаҳон рейтингида тўртинчи ўринда турган Жавоҳир Синдаров ва еттинчи поғонадаги Нодирбек Абдусатторов бошчилик қилади. Таркибдан Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов ҳам ўрин олган. Жамоа капитани — FIDE собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов.

Ўзбекистон 2022 йилда Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон шахмат Олимпиадасида ғолиб чиққан. 2024 йилда Будапештда ўтказилган навбатдаги Олимпиадада эса бронза медалларини қўлга киритганди. Мезбон давлат сифатида Ўзбекистон очиқ ва аёллар турнирларининг ҳар бирида учтадан жамоа билан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Шу билан бирга, Самарқандда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасидаги FIDEнинг учинчи Олимпиадаси ҳам ўтказилмоқда. Бундан ташқари, мусобақа давомида шаҳарда Халқаро шахмат федерацияси конгресси ва FIDE раҳбарияти сайловлари бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ