Афғонистон ҳукумати Саудиянинг Delta International Energy компанияси билан Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида нефть ва газ қидириш ҳамда қазиб олиш бўйича шартнома имзолади, деб хабар беради Arab News нашри. 7 сентябрь куни Кончилик саноати ва нефть вазири Ҳидоятулла Бадрий ҳамда Delta компанияси раҳбари Шоҳер ал-Такий имзолаган келишув мамлакат ғарбида, Ҳирот ва Бадғис вилоятлари ўртасида жойлашган, майдони қарийб 22 минг квадрат километр бўлган Кушк–Тирпул ҳавзасидаги еттита блокни қамраб олади.
Саудия томонининг дастлабки инвестициялари 200 миллион долларга баҳоланмоқда. Шартнома муддати 25 йилни ташкил этади, қидирув ишлари эса саккиз йилгача давом этиши керак. Бадрийнинг сўзларига кўра, ушбу конда нефть ва газ қазиб олиш Афғонистоннинг энергетик жиҳатдан ўзини ўзи таъминлашига имкон беради.
Кобулдаги имзолаш маросимида Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар ва АҚШнинг Афғонистон бўйича собиқ махсус вакили Залмай Халилзод иштирок этди. Халилзод келишувни мамлакат «бизнес учун тайёр» эканининг белгиси сифатида баҳолади.
Компания, шунингдек, газдан Ҳирот вилояти эҳтиёжлари учун фойдаланиш имкониятини ўрганишга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, Ҳиротдан Қандаҳор вилоятидаги Спин-Болдак ҳудудигача узунлиги қарийб 700 километр бўлган, қиймати тахминан 10 миллиард долларлик газ қувурини қуриш режалари ҳам бор. Бироқ Delta компаниясининг баҳолашига кўра, бу кенг кўламли режалар қидирув ишлари натижаларига боғлиқ бўлиб, ҳозирча дастлабки келишувлар даражасида қолмоқда.
Бу келишув Ҳирот вилояти иқтисодиётига маблағлар оқими ҳақидаги янгиликларнинг бири бўлди. Маҳаллий ҳокимият маълум қилишича, сўнгги беш йилнинг ўзида бу ерда умумий қиймати 5,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар амалга оширилган ёки ишга туширилган. Бу ҳақда афғонистонлик Pajhwok Afghan News нашри вилоят губернатори матбуот котиби Муфтий Юсуф Саидийга таяниб хабар берди.
Лойиҳаларнинг энг йириги — Горён ҳудудидаги темир рудаси конини ўзлаштириш бўлиб, унинг қиймати тахминан 5,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шу ҳудуднинг ўзида «Розанак» конида темир рудаси қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда ва сув таъминоти тармоғи яратилмоқда.
Паштун-Зарғун ҳудудида «Тодий» темир рудаси конини ўзлаштиришга қарийб 140 миллион доллар инвестиция киритилмоқда. Адраскан ҳудудида эса қўрғошин ва рух қазиб олиш бошланган.
Бошқа лойиҳалар қаторида йўллар қурилиши, Карух ҳудудидаги «Пашдан» тўғони, Зиндажонда янги терминал ва темир йўл линияси қурилиши, шунингдек, чегарадаги Ислом-Қалъа портида юзлаб инфратузилма объектларини барпо этиш бор. Саидийнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳаларнинг якунланиши иқтисодий ўсишни жадаллаштириши ва янги иш ўринлари яратиши керак.
☝️ Толибонлар назоратидаги Афғонистон инвестициялар тақчиллиги кескин сезилаётган ва ёқилғи импортига қарам бўлган мамлакат сифатида фойдали қазилмаларни ўзлаштириш соҳасига хорижий, аввало Саудия ва Хитой капиталини жалб қилишга тобора кўпроқ уринмоқда. Бу давлат бюджети даромадларининг мавжуд бўлган кам сонли манбаларидан биридир.



