«Эрк» бир чамалаб кўрди

Ўзбекистоннинг биринчи мухолифатдаги партияси фаоллари Адлия вазири билан нималар тўғрисида суҳбатлашгани тўғрисида
ОТАНАЗАР ОРИПОВ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов 10 январь куни мамлакатда биринчи бўлиб рўйхатдан ўтган ягона мухолифатдаги «Эрк» партияси фаолларини қабул қилди ва учрашувда мазкур сиёсий партия гувоҳномаси «ўз кучини йўқотгани»ни таъкидлади. Бу — ҳозирда бирорта ҳам муҳолифатчи сиёсий партиянинг йўқлигини англатади, гарчи ўтган йил декабрь ойида президент Шавкат Мирзиёев мухолифатдаги партиялар фаолият юритиши мумкинлиги, фақат улар мамлакат ичидан етишиб чиқиши кераклигини таъкидлаган бўлсада.

Дарҳақиқат, «Эрк» бундай талабларга жавоб беради: партия 1990 йили Ўзбекистонда ташкил топган, 1991 йили расман рўйхатдан ўтган. Ушбу омил президент сайловида партия номидан номзоднинг иштирок этишига имкон берган. «Эрк» партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ у пайтлар Ислом Каримовга нисбатан рақиб номзод бўлган, расмий маълумотларга кўра сайловда 12,4 фоиз овоз олган. Кейинчалик Солиҳ ҳукумат ўтказган босим ва тайзиқлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади, партия рўйхатдан ўчирилади ва унинг аъзолари нолегал фаолият юритишга мажбур бўладилар.

Адлия вазири билан бўлган учрашув тафсилотларини партиянинг Бош котиби Отаназар Орипов «Фарғона»га гапириб берди.

— Адлия вазири билан учрашишга қандай эришингиз?

— Бу кутилмаганда осон кечди: икки кун олдин вазир қабулига ёзилдик ва у бизни қабул қилди. У ҳар ҳафтанинг жума куни соат учдан бешгача одамларни қабул қилади. Суҳбат деярли бир соатга чўзилди.

— Учрашувга қандай мақсадлар билан бордингиз, нималарга эришмоқчи бўлдингиз?

— Асосий мақсад — партиямиз легитимлигини асословчи гувоҳномани янгилаш учун ариза топшириш эди. Мавжуд гувоҳнома 1991 йили 3 сентябрда Адлия вазирлиги томонидан берилган ва ўша пайтдаги вазир Бобур Маликов томонидан имзоланган эди. Айтиш лозим, у ҳозир АҚШда истиқомат қилади. Аризада партиямизнинг қонунийлигини асословчи янги ҳужжат берилиши сўралган.

— Нега энди айнан ҳозир партиянгиз тан олинишига эришмоқчисиз?

— Республика сиёсий ҳаётида иштирок этиш ва кейинчалик президент сайловида қатнашиш (режадаги кейинги сайловлар 2021 йил декабрда бўлиб ўтиши лозим. — «Фарғона» изоҳи), ва биз учун муҳим бўлган нарса — партия раиси Муҳаммад Солиҳнинг Ватанга қайтишини мақсад қилганмиз.

— У Ўзбекистонга қайтмоқчими?

— Албатта. Лекин Ватанга қайтиши учун аввало уни реабилитация қилиш лозим. Дахлсизлик кафолатисиз, турган гап у қайтмайди.

— Адлия вазирлигига ташрифингиз Солиҳ томонидан уюштирилган, шундай десак бўладими?

— Ҳа, айнан у Адлия вазирлигига боришимизни таклиф қилди. Ариза матнини ҳам биргаликда ёздик. Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг «Эрк» ва «Бирлик» мамлакатга қайтиши, сайловларда иштирок этиши мумкинлиги ва бунинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтгандан сўнг бунга ҳаракат қилдик. Кейин, президент ҳам шунга ўхшаш гапларни айтганди.

— У мамлакат ичкарисидаги мухолифат ҳақида сўз юритганди. Туркияда етакчиси яшаётган ташқи мухолифатни назарда тутмаган бўлиши керак.

— Аввалги президент Ислом Каримовнинг рақиби айнан Солиҳ эди. Ҳозиргача унинг Ўзбекистонга қайтганидан сўнг хавфсиз яшашига ишонч йўқ.

— Деярли бир соат давомида вазир билан нималар ҳақида суҳбатлашдингиз?

— У Ўзбекистонда энди «Эрк» партияси йўқлигини бизларга уқтиришга ҳаракат қилди.

— Буни нима билан асослади?

Муҳаммад Солиҳ . «Фарғона» фотосурати

Дастлаб ҳеч нарса билан ва биз буни Ислом Каримовча ёндошув эканини тушундик. Биз вазирдан партиямиз нима учун йўқ қилингани, гувоҳномамизни бекор қилишга доир бирорта қарор бор-йўқлигини сўрадик. Зеро, бунинг учун Конституция бўйича Олий суднинг қарори бўлиши керак. У шундай деди: «Орадан қанча вақт ўтди, партия раиси, унинг жиноятлари тўғрисида қанча гаплар бўлган». Дарҳақиқат, Муҳаммад Солиҳни 1999 йил февралги портлашувларни ташкиллаштирганликда айблаб сиртдан судлашган.

Биз бу фактнинг исботланмагани айтиб, қаршилик қилдик. Лекин, Солиҳ ҳаётига бир неча марта суиқасд уюштирилгани сир эмас.

Кейин Русланбек Давлетов партиямиз 1993 йили қайта рўйхатдан ўтмаганини айтди. Ростдан ҳам биз у пайт қайта рўйхатдан ўтиш учун ариза бермаганмиз. Бунинг ўрнига Конституциявий судга ариза бериб, унда Вазирлар Маҳкамасининг партияларни қайта рўйхатдан ўтказиш қарори Конституцияга қарши экани боис уни бекор қилинишини сўраганмиз.

— 1993 йили нимага асосланиб шундай қарор қабул қилинганди?

— Ўшанда республикадаги барча уюшмаларни қайта рўйхатдан ўтказиш фармойиши чиққан. Буларнинг барчаси «Эрк»дан қутулишга бўлган уринишлар эди. Бизлар буни тушунган ҳолда, қайта рўйхатдан ўтишга оид аризани бермадик.

— Нега энди қарорни Конституцияга қарши, деб ҳисоблайсиз?

— Чунки, бундай аралашув Конституцияда ҳам, бошқа қонунларда ҳам кўрсатилмаган. Бу билан барча ҳужжатларни қайтадан расмийлаштиришимизга тўғри келарди ва бизларга йўл беришмайди, деган хавотир йўқ эмасди.

— Конституциявий суд қандай муносабат билдирди?

—Ундан ҳеч қандай жавоб ололмадик. Бу галги учрашувимизда Адлия вазири Вазирлар Маҳкамасининг мазкур фармойишини бекор қилувчи бирорта қарор қабул қилинмаганини айтди.

Шунда биз “Эрк”нинг легитимлигини тан олмаслик вазирнинг шахсий позицияси эмас, юқоридан берилган буйруқ эканини тушундик.

— Яна нималар тўғрисида гаплашдингиз?

— Амалдаги мавжуд партиялар тўғрисида. Мен уларнинг бирортасида сиёсий ғоялар йўқлиги боис, сиёсатдан йироқ эканини айтдим. Масалан, Ўзбекистоннинг энг муҳим муаммоларидан бири — ишсизлик, гастарбайтерлар. Гастарбайтерликдан қутулиш ғоясини қайси партия илгари суряпти? Аслида, барча партиялар ҳокимиятга интилади, чунки, ҳокимият халқдан тортиб олинган ресурслар устидан ҳукмронлик қилиш ваколатига эга. Бунга қарши вазир ҳеч нарса демади. Аризамизга расман жавоб бериш жараёнида унинг муаммоларга бўлган муносабати ўзгаради, ўз ёндошуви бўлади, деб ўйлайман.

Вазир — маданиятли инсон, учта олий маълумотга эга.

— Унинг юқори ҳокимиятдан айри ҳолда ўз ёндашуви бўлиши мумкинми?

— Шунинг учун суҳбат якунида ундан авваллари партиямизга нисбатан адолатсиз муносабатлар бўлганлигини ўз раҳбариятига тушунтиришини сўрадим. Сиз ҳақиқат қарор топиши учун курашингиз керак, дедим. Ҳа, биз адолат учун курашамиз, деди.

— Меҳнат миграциясини тилга олдингиз. Бу масала партиянгиз дастурида акс этганми?

«Эрк» партияси аъзолари Адлия вазирлиги биноси олдида. Ozodlik.org сайти фотосурати

— Ҳа, ер муаммоси қатори акс этган. Конституциянинг 55-моддасини бекор қилиш (« Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир») ва унга хусусий мулк тўғрисида тушунча киритиш керак, деб ўйлайман.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ресурслари ва табиий бойликларини аҳолининг беш фоизигина бошқармоқда. Барча бойликлар — уларнинг қўл остида. Бундай ҳолат албатта ўғирликка йўл очади. Шунинг учун мен бу ҳокимятни клептократия («ўғриликка мойиллар» ҳокимияти) деб атайман. Каримов айтганди, ҳозирги президент ҳам ҳокимият халқни боқиши кераклиги тўғрисида гапиради. Бу тўғрими? Аслида бойлик халққа тегишли бўлиши керак. Амалда эса у халқдан тортиб олинган.

— 25 йил ичида партиянгиз нималар билан шуғулланди?

— Бу давр мобайнида бизлар беш мартагина съезд ўтказолдик, охиргиси 2003 йили бўлиб ўтди.

— Бундан чиқдики, ҳукумат съездлар ўтказишингизга имкон берган эканда?

— Имкон берди, лекин бор воситаларни ишга солиб бизларни бўлиб ташламоқчи бўлди. У Муҳаммад Солиҳни раҳбарликдан четлатиш учун ўз одамларини тайёрлаб, сафимизга киритди. Бироқ, бу ишнинг уддасидан чиқолмади.

Ҳозирда ташкилий ишлар олиб борилмаяпти. Биз, жумладан, Адлия вазиридан съезд ўтказишимизга имкон беришини сўрадик. Агар раислик ёки Бош котибликка ўз номзодингиз бўлса, майли, кимни сайлашни съезд ҳал қилсин, дедик. Бу саволга у жавоб бермади.

— «Бирлик» партияси билан алоқангиз борми?

— Партия аъзолари билан муносабатда бўламиз, лекин АҚШда яшаётган унинг раиси Абдураҳим Пўлатов билан алоқаларимиз унчалик яхши эмас.

— Демак, партияларингиз бир-бирига нисбатан мухолифатда эканда, шундайми?

— Деярли шундай. Пўлатов ва Солиҳ бирга ишлолмайдилар.

— «Бирлик» Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмоқчими?

— Ўтмоқчи, лекин қандай йўл билан, буни билмайман.

— Адлия вазирлигига ташрифдан сўнг партиянгизнинг режалари қандай?

— Регламент бўйича аризамизни бир ой муддат ичида кўриб чиқиб, жавоб беришлари керак. Жавобга қараб кейинги ҳаракатларимизни белгилаймиз.

Сид Янишев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди