Нафақат нон шаҳри, балки сув шаҳри ҳамдир

Беармон ёққан селдан Тошкент шаҳри сувга ботди

2 апрель куни Тошкентда икки соат ичида 20 мм ёмғир ёғди, бу апрель ойида кутилаётган умумий ёғингарчиликнинг учдан бир қисмини ташкил этган. Пойтахтнинг бундай сув ҳажмига мўлжалланмаган дренаж ва сув оқова йўллари яна бир бор табиий ҳодиса олдида таслим бўлди ва том маънода шаҳар сувга ғарқ бўлди.

Ўзбекистон пойтахтидаги дренаж муаммоси бу янгилик эмас. Тошкентда ўртача йилига бир марта кучли ёмғир ёғади ва асфальт йўллар сув остига ғарқ бўлади. Шаҳар ҳокимияти сув тошқинини ё «ностандарт ҳолат» ёки «тарихий ноёб ёмғир» деб атайди, кейин эса ҳали қарасанг аҳолидан узр сўрайди, ҳали қарасанг одамларни дренаж оқимларини тўсиб қўйганликда айблайди.

2018 йили Тошкент ҳокимлиги сел тизимлари ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузишини маълум қилганди. Гуруҳ яратилган бўлиши ҳам мумкин, лекин афсуски муаммолар бартараф этилмаган, шаҳар аҳолиси смартфон камераларида содир бўлаётган нарсаларни суратга олишни унутмаган ҳолда сув дунёсига ғарқ бўлишда давом этмоқда.

Табиий офатдан аввало Тошкент маркази энг кўп жабр кўрди – у ерда йўллар ва туннеллар сув остида қолган, баъзи автомобиллар радиаторгача бўлган сувда қолиб, тўхтаб қолган.

Сувга ғарқ бўлган машина. Sirdaryo Xabarlari telegram-канали фотосурати

Олмазор туманидаги Қорақамиш массивининг кечаги кўриниши эса мана бундай тус олди:

Энг тажрибали фуқаролар пойтахтнинг оғир ҳаётига аллақачон кўникиб бўлишган ва пухта тайёргарлик кўришган, жумладан улар резинали қайиқлар сотиб олишган, бир муддат тошкентликлар гондолчиларга айланишиб, ватандошларга ёрдам беришга ҳозир бўлдилар.

Тошкентлик йигит қайиқда. Tashkent_Land telegram-канали фотосурати

«Амир Темур майдони» метро бекати ҳам шикастланган. Йўловчилар тўпиғигача сув кечиб, ўтиш жойига йўл олишди.

«Бунинг сабаби бугун Тошкент шаҳрида кузатилган кучли ёмғир туфайли кўчаларда алоҳида сув оқимлари юзага келган, шунингдек сув дренаж йўлларидан (ариқлардан) тошиб кетиши натижасида станцияга оқиб кира бошлаган. Бу ҳолат масъул шахслар томонидан бартараф этилди ва поездлар ҳаракатига тўсқинлик қилмади», — деб таъкидлайди Toshkent Metropoliteni ДУК.

Пойтахт архитектураси ҳам табиат ҳодисасидан азият чекди. Бобур кўчасидаги турар-жойлардан бирининг бир неча балкони сувга тўлиб, қулаб тушган.

Қулаб тушган балконлар. Telegram -канал фотосурати

Уй аҳолисининг сўзларига кўра, фасадни таъмирлаш вақтида қурувчилар балконлардаги барча тешикларни маҳкам ёпиб қўйишган, шу сабабли бу ерда ёмғир суви тўпланиб қолган ва улар қўшимча оғирликка бардош бера олмаган. Бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун тошкентликлар ўзлари сувни олиб ташлай бошладилар ёки сув оқимини таъминлаш учун фасадни теша бошладилар.

Ҳокимлик хабар беришича, сув тошқини билан боғлиқ вазиятни тезкорлик билан бартараф этиш учун 500 дан ортиқ ходим ва юздан ортиқ махсус техника жалб этилган, марказий йўллар ва туннелларда юзага келган сув тошқини соат 23:00 га қадар бартараф этилган.

Ўзбекистонликларнинг ҳотиржам бўлишига ҳали эрта. Ўзгидромет маълумотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб ёмғир 6 апрелга қадар давом этади. Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари сув тошқини хавфи остида қолиши мумкин. Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида қор кўчкиси юз бериши эҳтимолдан ҳоли эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ