Аждодлар қадами етган жой

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Орзуларни ушатувчи беш булоқ, ва куч-қувват бағишловчи чинорлар

«Фарғона» ўз ўқувчиларини Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари ва зиёрат маросимлари билан таништиришда давом этади. Бугунги ҳикоямиз – унчалик катта бўлмаган ўзбек қишлоғи – Бурчмулла ҳақида. Бу қишлоқни кўпчилик советлар даврида янграган «Бричмулла» қўшиғи орқали таниган ҳамда нега бу ерда муқаддас зиёратгоҳлардан бири жойлашганини ҳам билишган. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла қишлоғидан унчалик узоқ бўлмаган масофада, Чорвоқ сув омбори соҳилида қадамжолардан бири – Қадамжобува жойлашган.

Афсонага кўра, Одам алайҳисаломнинг олтинчи набиралари ҳазрати Идрис алайҳиссалом бу ерларга келиб қолганларида қаттиқ чарчоқ ҳис этган бўлиб, чанқоғини қондирмоқчи бўлган эканлар. Бу ерда сув топа олмаган набий Аллоҳга дуо билан илтижо қилган эканлар ва ўша заҳоти ҳазрати Идрис (а.с.)нинг бешта бармоқларидан бешта булоқ отилиб чиққан экан.

Бешта чашма. Сид Янишев фотосурати, «Фарғона"

Ўшандан бери Қадамжобувада йилнинг ҳар бир фаслида ўша бешта булоқлардан ер остидан сув отилиб чиқади. Улардан чиқаётган сув зиёратчиларнинг турли дардларидан халос этишидан ташқари, ҳар қандай истак ва орзуларини рўёбга чиқариши тўғрисида ривоятлар бор, бунинг учун орзу истагингизни ният қилиб, булоқ сувидан ичишингиз ва шу сув билан юз-қўлларингизни ювсангиз бўлди экан.

Карантинга ёпилган қозонлар. Сид Янишев фотосурати, "Фарғона"

Муқаддас саналган бу қадамжога ҳар куни республиканинг турли бурчакларидан юзлаб одамлар зиёратга келиб турадилар. Улар бу ердаги ошхонага ўрнатилган қозон-ўчоқларда ўзларига овқат тайёрлашлари ва зарурат туғилганида, кўрпачаларини тўшаб, ётиб қолишлари ҳам мумкин. Ҳозирги карантин жорий этилган кунларда Қадамжодаги ошхона ишламаяпти, бунинг устига, зиёратчилар ҳам жуда оз: улар атрофдаги шаҳарлар ва қишлоқлардан Худодан тилаганлари сўраб дуо қилиш ҳамда муқаддас сувдан пластик идишларига тўлдириб, ўзлари билан олиб кетиш учун келишади.

Муқаддас сув ҳавзаси ёнидаги қумғон. Сид Янишев фотосурати, "Фарғона"

“Қадамжо” сўзи қаердан келиб чиққану, нимани англатади? Агар буни маъносига етишга ҳаракат қиладиган бўлсак, унда бу аждодларимизнинг қадами етган жой деган бўлиб чиқади.

Алибай Юльчиев зиёратчилар билан бирга дуо қилмоқда

Муқаддас қадамжонинг мутасаддиси, «Олтин мерос» Халқаро хайрия жамғармасининг ходими Алибой Йўлчиевнинг ҳикоя қилишича, қадимги замонларда Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри Чоч ёки Шош деб аталган, Бурчмулла қишлоғи жойлашган ерда бўлса, савдогарлар шаҳри Орлакент бўлган. Кейинчалик бу шаҳар Чингизхон қўшини томонидан йўқ қилинган. Ушбу замин орқали Яқин Шарқ мамлакаларидан Чин Мочинга (Хитойга) олиб борувчи Буюк Ипак йўли ўтган.

Чорвоқ сув омбори

— Карвонлар билан узоқ йўлга чиқишдан олдин савдогарлар албатта Қадамжобувани келиб зиёрат қилишар эди, — дейди Йўлчиев. – Шунингдек, Макка шаҳрига ҳаж зиёратига отланган ҳожилар ҳам, ўлжа олиб келиш ниятида тоққа чиқиб кетаётган овчилар ҳам ва деҳқонлар баҳорда дала ишлари бошлашларидан олдин бу ерга келиб, зиёрат қилиб кетишарди. Бу ердаги булоқнинг сувини ичиб, ундан таҳорат олиб дуо қилиб бўлганидан сўнг ўзларининг машаққатли сафарларига ёки ишларига қараб йўл олар эдилар.

Муқаддас булоқ сувидан юзларини ювиш

Муқаддас Қадамжобува зиёратгоҳи бир гектар майдонда жойлашган, унинг каттароқ қисмини 1960 йилларда дафн этиш учун ёпиб қўйилган қўҳна қабристон эгаллаган. Муқаддас булоқлар ҳамда мозор қалин дарахтзорга айланиб кетган боғ ичида жойлашган, кўп дарахтлар қаторида бу ерда саккиз юз ёшли чинорлар ҳам ўсмоқда. Ривоятларга кўра, улардан бирини қучоқланса, дарахт йўлга чиқаётган мусофирни катта жисмоний куч ва маънавий қудрат билан сийлаши мумкин экан.

Сув омбори ёнидаги тоғлар

Қадамжобува қўшни Боғустон қишлоғи атрофида жойлашган Умар Вали, Мерган Ота, Оунак Ота, Кўлобмозор, Кавсар Ота каби муқаддас зиёратгоҳлар каби тавассуф пирлари ва авлиёларга макон бўлган, дея ҳисобланади. Чорвоқ деган номнинг келиб чиқиши эса Угам, Пскем, Кўксу ва Чотқол сойлари қўшиладиган ҳудуднинг бу ерда нафақат қўним, балки ўзларига муридлар ва издошларни топиб келган сўфийлик эшон ва шайхларнинг мерос ерлари эканлигини англатади.

Сид Янишев