МХҚ «Қазатомсаноат» бошқарув аъзосини коррупция бўйича қўлга олди

Қуаниш Омарбеков. kazatomprom.kz сайтидан олинган сурат

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Коррупцияга қарши курашиш хизмати ходимлари уран қазиб олиш билан шуғулланувчи «Қазатомсаноат» миллий атом компанияси бошқарув аъзоси Қуаниш Омарбековни қўлга олди, дея хабар беради идора матбуот хизмати.

Омарбеков билан бирга яна бир қатор шахслар ҳам ушланган — уларнинг барчаси республиканинг «Самруқ-Қазина» миллий фаровонлик жамғармасидаги коррупциявий схемага алоқадорликда гумон қилинмоқда, мазкур жамғарманинг юқори лавозимли раҳбари аввалроқ ҳибсга олинган эди.

Гумонланувчилар 23 ноябрь куни қўлга олинган. Ҳозирда улар вақтинча сақлаш изоляторида қолмоқда.


Қўмита матбуот хизмати қайд этишича, ўта йирик миқдорда ёки жиноий гуруҳ томонидан пора бериш моддаси (Қозоғистон Жиноят кодексининг 367-моддаси 4-қисми) бўйича тергов олиб борилмоқда. Мазкур модда 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки пора суммасининг олтмиш баравари миқдорида жарима ҳамда давлат секторида ишлашни умрбод тақиқлашни назарда тутади. МХҚ тергов сирига таянган ҳолда, суриштирувнинг бошқа тафсилотлари, ҳолатлари ва пора миқдорини очиқламади.

Омарбеков «Қазатомсаноат»да ишлаб чиқариш бўйича директор лавозимида фаолият юритган. У ушбу лавозимга 2023 йил 23 июнда тайинланган бўлиб, ўша йилнинг 29 июнидан эса бошқарув таркибига киритилган эди. Бу орада «Қазатомсаноат» махсус баёнот билан чиқиб, унда Омарбековни «ишлаб чиқариш бўйича собиқ директор» деб атади. Компания ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилаётганини ва терговга кўмаклашаётганини таъкидлади.

«Қазатомсаноат» раҳбариятига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги ахборот сўнгги икки кун давомида ижтимоий тармоқларда тарқалди, аммо расмий тасдиқ энди эълон қилинди.

«Қазатомсаноат» «Самруқ-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси таркибига киради. 12 ноябрь куни МХҚ жамғарма бошқаруви раиси Нурлан Жақуповни ҳамда коррупцияда гумонланиб, «Қозоғистон темир йўллари» собиқ раҳбари Елжас Отиншиевни ушлагани маълум бўлди. Икки кун ўтиб, тергов суди уларни қамоққа олишга санкция берди.

13 ноябрь куни республика президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишини ўтказиб, унда юз берган воқеани «давлат компанияларидаги коррупция кўламини кўрсатувчи жиддий сигнал» деб атади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ