Қоидаларни ўзгартиролган донишманд

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Ҳаким ат-Термизий ва Сурхондарёнинг муқаддас даргоҳлари.

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолари ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда суфийликнинг буюк пири — ат-Термизийнинг тасаввуф соликлари, дин риёзатчилари ва жафокашларига тортиқ қилинаётган илоҳий ҳикмат ва раҳмати борасида қандай фикрда бўлганлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Ҳаким ат-Термизий мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўрта асрларнинг илк кезлари Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди бўлмиш Сурхондарё воҳасида ўзига хос маданият даври бўлиб қолди ва бу давр Марказий Осиё ва бутун мусулмон оламининг тарихида машҳур файласуфлар, шоирлар, илоҳиёт уламоларининг номларини ва ажойиб меъморий ёдгорликларни қолдирдики, уларнинг муқаддас маънавий аҳамияти шу кунгача қадрини йўқотгани йўқ. Уларнинг ичида энг муҳими ва асосийси – Ҳаким ат-Термизий (755-869) мақбараси бўлиб, у Сурхондорёнинг йирик маъмурий маркази, Афғонистон чегарасидаги ҳозирги Термиз шаҳрининг четида жойлашган.

Оқимга қарши сузган

Абу Абдуллоҳ ибн Алининг замондошларининг интеллектуал ва маънавий ҳаётига таъсири шунчалик кучли бўлганки, шу важдан заҳматларга тўла ҳаёт йўлининг охирида ўзининг садоқатли издошларидан Ҳаким ат-Термизий – “Термизлик донишманд” деган унвонни олди. Термизий дунёга келган фурсатда қўҳна Термиз яқинида мусулмонлар Зул-Кифл – Библиядаги пайғамбар Илёс номи билан боғлиқ сирли муқаддас даргоҳ мавжуд эди. (Зул-Кифл ҳақида батафсил ўқинг: Ртвеладзе Э.В., Аршавская З.А. Архитектурный комплекс Зу-л Кифл // Строительство и архитектура Узбекистана, Ташкент, 1978, № 1, январь, с. 36–39. Ушбу мақола муаллифлари қайд этишича, “Исломда ушбу номи остида Эски Аҳдда номлари тилга олинган Илёс, Ал-Ясъо ва Закариё умумлаштирилган. Аввали бошдан араблар томонидан Ўрта Осиёга келтирилган Зул-Кифл эътиқоди Келифда шаклланган ва кейин Термиз ёнидаги оролга кўчирилган, шунинг учун ҳам бу орол “Ороли Пайғамбар” номини олган” [1])

Зиёратчилар ерости ҳужрасида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Маҳаллий ривоятга кўра, Келифда (ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган) истиқомат қилган қандайдир авлиё вафот этганидан кейин жасадини сандиққа солиб Амударёда оқизишни васият қилган экан. Қавмдошлари унинг иродасига мувофиқ айтганини қилганларида эса тобут солинган қайиқ дарёда оқимга қарши сузиб кетганини кўриб ҳайрон қолишган. Қайиқ эртаси куни Термизга яқин жойда, дарёнинг қоқ ўртасида тўхтаб қолган. Ўша заҳоти бу ерда дарё қумлари тўпланиб, орол пайдо бўлади ва кейинчалик унинг номи Ороли Пайғамбар деб атала бошланади. Кейинчалик ҳалифа Аббоснинг саркардаларидан бири ушбу оролда дафн этилади. Бироқ қамишлар ва қумтепаликлар орасидаги унинг қабри узра барпо этилган ёлғиз дахма халқ хотирасида пайғамбар Илёс, Зул-Кифл мозори номи остида сақланиб қолади.

VII асрда Амударёнинг қуйи қисмидан Сасонийлар сулоласидан бўлмиш эронлик шоҳларни сиқиб чиқарган араблар ўтмиш даврлардан қолган жуда қудратли маданий мерос билан тўқнаш келдилар. Ислом динини ёйиш бўйича ҳаракатлар муваффақиятли кечиши учун ушбу меросни даф қилиш зарур эди ва бу иш осонликча кечмади. Беш юз йилдан зиёд вақт давомида Кушон империяси таркибига кирган Бақтрия буддавийлик динининг ғоявий маркази бўлган ва бу ердан Ипак йўли йўналишлари орқали бу эътиқод бутун Осиё бўйлаб тарқаб, ҳатто Хитойнинг марказий вилоятларига қадар етиб борган. Тарихий хроникаларда қайд этилишича, афсонавий пайғамбар Заратуштранинг ватанида Зардуштийликни қайта тиклаган Сасонийлар даврида ҳам Термизнинг чекка ҳудудларида оташпарастларнинг ибодатхоналари ёнида минглаб роҳиблар ва уларнинг шогирдлари яшайдиган буддавийларнинг канисалари фаолият юритган. Бундан ташқари, оми халқ муҳитида Амударёнинг илоҳаси Оахшо каби табиий кучларни эъзозлаш бўйича энг қадимий анъана ва одатлар ҳамон яшашда давом этиб келган.

Муқаддас ат-Термизий ёдгорлик мажмуасига кираверишда. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қадим замонлардаёқ маданийлашган Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб вилоятларида каби маҳаллий аҳолини Исломга даъват қилиш нафақат мавъизалар ва зиммийларга солинадиган жузъя солиғи ёрдамида амалга оширилган. Муқаддас даргоҳлар мусулмон даъватчилари ва риёзатчиларининг номи билан атала бошланди. Монотеист Ислом дини қоидаларига кўра, фақат Аллоҳга сиғинилади ҳамда Маккадаги Муқаддас Каъбага, Мадинадаги Пайғамбар масжидига (Масжидун-Набавия) ва Қуддуси Шарифдаги Масжидул-Ақсодан бошқа ҳар қандай даргоҳларга зиёрат қилиш тақиқланади. Маҳаллий диний амалиётлар қандайдир йўл билан ушбу қонунга зид келиб қолдилар, бироқ айнан шу ерда ушбу зиддият илк бора расмий илоҳиёт даражасида ҳал этилди. Бу ишда айнан мусулмон тасаввуф издошлари, риёзатчилар ва дин жафокашлари эришиши мумкин бўлган илоҳий марҳаматнинг даражалари ва хусусиятлари тўғрисидаги мантиқий ва изчил фалсафий таълимотни ишлаб чиққан Ҳаким ат-Термизийнинг хизматлари катта бўлди.

Қумдаги таркидунёчилар

Бўлгуси “Термизлик донишманд” ўспиринлик чоғиданоқ дин йўлида серғайратлиги билан бир қаторда дунёвий илмларни эгаллашга иштиёқманд бўлган. У саккиз ёшидан бошлаб Қуръон ва исломий илоҳиётни ўрганишга киришган, 28 ёшида Маккага бориб ҳаж зиёратини амалга оширган. Ҳаж сафари давомида Эроннинг Хуросони ва Ироқнинг Боғдод шаҳарларига кириб ўтиб, у шаҳарлардаги энг кўзга кўринган суфийлик тариқатларининг пирлари – Абу Туроб ан-Наҳшабий, Яҳъё ал-Жалла ва Аҳмад бин Ҳадравайҳилар билан учрашиб, суҳбатларига мушарраф бўлган.

Ат-Термизий мақбарасининг ичкарисида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Муҳаммад ибн Али Термизга қайтиши билан одамларнинг назаридан йироқроқ, шаҳар четидаги кимсасиз қумли тепаликларга чиқиб кетиб, бор вужуди билан тасаввуфий амалиётига берилиш учун таркидунёчиликка юз тутди. Муҳаммаднинг тақвоси ва тўхтовсиз ибодатлари диндор тенгқурлари ўртасида унга нисбатан чуқур ҳурмат ва эҳтиром ҳамда тақлид қилиш истакларини уйғотди ва пировардида унинг атрофида садоқатли шогирдлар халқаси пайдо бўлди. Бироқ, унинг Аллоҳ Таъало ҳақиқатга иштиёқманд инсонга улкан раҳматини ато этиши мумкинлиги тўғрисидаги мулоҳазалари ўша даврнинг расмий уламоларига маъқул келмади ва буни тушуниш мумкин. Ўша пайтдаги ортодоксал мусулмон уламоларининг суфийликка нисбатан муносабатини умуман олганда хавотирли деб атаса ҳам бўлаверар эди. Таъқиб ва таҳдидлар остида қолган зоҳид Термизни тарк этишга мажбур бўлди. У аввалига Афғонистоннинг шимолидаги қўшна Балх вилоятига, кейинчалик эса Эрон Хуросонининг кунботар тарафида жойлашган ва бир кун келиб машҳур тасаввуф намояндаси ва шоир Умар Ҳайёмга бошпана берган қўҳна Нишопур шаҳрига жўнаб кетди.

Ҳаким ат-Термизий фақат умрининг охирида, ўзининг илоҳиётга оид рисолалари ва ўта тақводорлиги билан бутун мусулмон оламида машҳур бўлганидан кейингина ватани бўлмиш Термизга қайтиб келди. Ўша пайтга келиб у бутун мусулмон оламида Ислом маросимларининг мазмун-моҳияти ва Аллоҳ раҳмати билан сийланган авлиёларнинг роли ҳақида ҳикоя қилувчи “Илол-уш-Шариъа”, “Хатм-ул-Авлиё” каби асарларининг муаллифи сифатида танилган эди. Бундан ташқари, ат-Термизий суфийлик пиронларининг таржимаи ҳоллари тўпламининг биринчи тузувчиси ҳамда суйфийлик йўлида эришиладиган кўнгил ва идрокнинг турли ҳолатларини кўриб чиқувчи саксонга яқин асарларнинг муаллифи бўлиб қолди.

Ҳаким ат-Термизий мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Абу Исо Муҳаммад Ҳаким ат-Термизий ўзининг рисолаларида инсон ўзлаштириши мумкин бўлган илмларнинг энг олийлари – рационал идрок билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган маърифат Аллоҳ Таъало томонидан ўзининг танланган бандаларига берадиган чексиз раҳмати дея таъкидлаб келади. Бу каби ҳикматни одатий китоб орқали таълим олиш ёки илмий суҳбатлар жараёнида эгаллаб бўлмайди. Одатий илм мусулмончилик ҳуқуқи – исломий фикҳни тўғри талқин қилишни ўргатади. Маърифат эса фақат пайғамбарларга ҳамда суфийлик тариқатларнинг пиронлари – авлиёларга хос илм бўлиб, уни оддий одамларнинг эгаллаши имконсиздир.

Шундай қилиб, Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий оддий одамларнинг ёрдам сўраб авлиёлар ва суфийлик тариқати пиронларига мурожаат қилишига ҳамда уларнинг ҳаёти билан боғлиқ жойларни эъзозлашга фикҳий асос яратиб кетди.

Ҳақиқат дўстлари

Тахмин қилинишича, 869 йилда вафот этган Ҳаким ат-Термизийнинг мақбараси унинг ўлимидан кейин юз йил ўтиб эски Термизнинг шимоли-ғарбий четида, Амударё соҳилидаги тик жарликнинг ёнгинасида барпо этилди. Археологларга кўра, бундан олдин бу ерда Кушон империяси даврида буддавийларнинг ибодатхонаси жойлашган эди. Ушбу меъморий мажмуа ўзининг кўп асрлик ҳаёти давомида бир неча бор реставрация қилинган ва қайта қурилган. Мақбара пештоқидаги ёзувлардан маълум бўлишича, бошланғич дахмага ёнига тақаб қурилган иморат 1389-1390 йилларда барпо этилган.

XIV асрнинг охирида, Сурхондарё вилояти Темурланг империяси таркибига кирганида Ҳаким ат-Термизий қабри устида оқ мармардан улуғвор мақбара барпо этилди. Дахмадаги ёзувлар орасида Ҳаким ат-Термизийнинг қаламига мансуб сўзлар ҳам бор дея таъкидлашади. Бу ёзувда: “Мен аввалдан қабул қилинган ният бўйича бирорта ҳам сўзни ижод қилмагандим, бироқ бошимга кулфатли ва оғир вақтлар келганида мен ўз иншоларимдан таскин топардим”. XV аср бошида Ҳалил Султон бошқаруви даврида мақбара ёнида жаҳонгашта дарвишлар учун хонақо қурилди. XIX аср бошида асосий мақбаранинг тўрт гумбазли биноси бузиб ташланди ва қайта қурилди. Ёдгорлик мажмуасининг бутун ҳудудида сўнгги бор ободонлаштириш ва реставрация ишлари 2009 йилда амалга оширилди – ўшанда ЮНЕСКО Термизнинг 2500 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Зиёратчилар мақбарада. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бугунги кунда Ҳаким ат-Термизий меъморий мажмуаси хушмазара ва ихчам иншоотдан иборат бўлиб, унинг ҳозирги сиймоси эндиликда афсонавий суфийлик ҳакими яшаган узоқ ўтмиш даврларни унчалик эслатмай қўйган. Бироқ Марказий Осиё мамлакатларининг халқ исломида меъморий иншоотлар эмас, балки улар турган жойларнинг ўзлари эъзозланади. Бу жойлар маҳаллий аҳолининг янги авлодлари томонидан қайта-қайта тикланади, ободонлаштирилади ва безалади. Ёдгорлик шундоққина нотинч Афғонистоннинг чегарасига яқин жойлашган бўлишига қарамай, Ўзбекистон расмийлари мақбара зиёратига йўл олган маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга тўсқинлик қилмай, аксинча, уларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш ҳақида қайғурмоқда.

Бу ердаги халқ анъанаси Ҳаким ат-Термизий ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд ва Хўжа Аҳрор Шоший каби суфийлик тариқатларининг бошқа машҳур пиронларининг руҳоний нуфузидан ўзларининг ғоявий мақсадлари йўлида фойдаланаётган даҳрий расмийларнинг интилишлари билан зиддиятга бормайди

Ерости ҳужрасидаги зиёратчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ҳаким ат-Термизий мақбараси ёнида ер остига йўл сақланиб қолган. Ривоятларга кўра,унинг қаърида “Ҳақиқат дўстлари” маъносини берувчи ҳакимия ёки ҳаққия дея номланган суфийлик тариқатида бирлашган авлиёнинг издошлари бу ерда чилла тутиб ўтирганлар. Мақбарадан унча узоқ бўлмаган масофада Қоратепа кўҳна шаҳарнинг ҳаробаларидан иборат тепаликлар кўзга ташланади. Ушбу тепаликлар остида, археологларнинг таъкидлашича, буддавийлик ибодатхонасининг ерости ҳужралари ва галереялари яширинган. Баъзи маълумотларга кўра, улар еттинчи асрнинг ўрталаригача фаолият юритганлар. Тасаввуф донишманди ўспиринлик чоғида ғорли ибодатхонанинг тирик қолган коҳинларидан бирортаси билан учрашган бўлиши мумкинми? Тарихчилар учун бу ҳолат шу кунга қадар жумбоқ бўлиб қолмоқда, мусулмон уламолари эса бунақанги учрашув эҳтимолини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришни ортиқча деб биладилар.

Барча мусулмонларнинг амири

Сурхондарёдаги аҳамияти жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган қадамжо – Султон-Саодат (шунингдек, Султон-Садат) мақбараси бўлиб, унга замонавий Термиздан чиқаверишда кўришингиз мумкин бўлади (ушбу қадамжо ҳақида батафсил Некрасов Е.Г. “Термез и его архитектурные памятники”, Ташкент: «Фан», 2001 китобида ўқишингиз мумкин). Сурхондарёнинг Амударёга қўшилаётган еридан унчалик узоқ бўлмаган жойда турли иморатларнинг мажмуаси жойлашган бўлиб, бу иншоот археологик изланишлар хулосасига кўра, деярли тўққиз юз йил давомида, Х асрдан XVIII асрнинг охиригача сурункасига барпо этилган, қурилган ва безатилган. Ушбу катта мақбара сайидлар уруғига қарашли бўлиб,– пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) набиралари ҳазрат Ҳусайн ибн Али розиаллоҳу анҳумоларнинг бешинчи авлодлари Ҳасан-ал-Амир ушбу сулоланинг асосчиси саналади. Шарқдан ғарбга қараб 70 метрга чўзилган ушбу архитектура ансаблининг асосий жойини сайид Ала-ул-Мулкнинг мақбараси эгаллаган. Ислом ва давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида бу одамнинг номи билан боғлиқ жуда қизиқ эпизод мавжуд. Баъзи маълумотларга кўра, тахминан 1238 йилда барпо этилган ушбу мақбарада Хоразмшоҳ Муҳаммад томонидан мўғуллар босқинчилик ҳужумларидан бироз олдинроқ барча мусулмонларнинг амири деб эълон қилинган одам дафн этилган экан.

Ат-Термизий мақбарасининг ичкарисида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

XIII асрда ўз чегараларини Каспий денгизидан Форс қўлтиғигача кенгайтирган Хоразм шоҳлари давлати ўз даврининг “буюк давлати” ролини ижро этишга даъвогарлик қилган бўлиб, бунга фақат Боғдоддаги ҳукмдорларнинг руҳоний нуфузи тўсқинлик қилиб келарди. Бунгача эса мусулмон ҳалифаликларининг тарихи худди Ўрта Аср Европасидаги насронийларнинг тарихи каби руҳоний ҳукмдорлик тизгинини эгаллаш учун бир вақтнинг ўзида икки шахс кураш олиб борган даврларни бошидан кечирган. Муҳаммад Хоразмшоҳ Шарқдаги биринчи дунёвий ҳукмдорлардан биринчилардан бўлиб “дин ҳимоячиси” мақомига эга бўлиб, нафақат диний-сулолавий тортишувларга аралашар, балки тўғридан-тўғри ўз иродасини ўтказиб келар эди. Ала-ул-Мулкни барча мусулмонларнинг раҳбари дея эълон қилиниши, ҳар ҳолда Термиздаги сайидларнинг обрўсига путур етказмади. Шунга қарамай, мусулмон шарқи учун бу ҳолат бошқа даврнинг кириб келаётганининг ўзига хос рамзи бўлиб қолди ва бу давр ниҳоясида Ҳалифалик ўзининг тарихий ҳаётини тамомлади.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ