Бишкекда зиёратчиларни умрага юбориш билан шуғулланувчи «Нур Умра Трэвел» сайёҳлик компанияси раҳбари Мирзат Кошоева қўлга олинди. Тадбиркорга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради «АКИpress» Қирғизистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига таяниб.
Милиция ходимлари томонидан ўтказилган текширув туроператорнинг мижозлари бўлган қирғизистонликлар Тошкент халқаро аэропортида оғир аҳволда қолиб кетганини кўрсатди. Эслатиб ўтамиз, улар бир ҳафтадан бери умра амалини адо этиш учун Ўзбекистон пойтахтидан Саудия Арабистонига учиб кета олмаяпти.
Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, Бишкек сайёҳлик фирмаси сафарни қўшни давлат орқали ташкил этган, бироқ зиёратчиларни «Умра» иловасида рўйхатдан ўтказмаган. Шунингдек, ислом муқаддас қадамжолари йўлида қолиб кетган қирғизистонликлар «Нур Умра Трэвел» раҳбари сафарни давом эттириш учун ҳар бир мижоздан қўшимча 100 доллардан талаб қилганини билдирганлар (бунгача 400 доллар миқдоридаги сумма айтилган эди — «Фарғона» изоҳи).
ИИББнинг қўшимча қилишича, бундан олдин республика Мусулмонлари диний бошқармаси (МДБ) ушбу компанияга нисбатан зиёрат сафарларини ташкил этишдаги қоидабузарликлар бўйича иккита далолатнома тузган.
Кошоевага нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 209-моддаси («Фирибгарлик») билан иш қўзғатилди. Тадбиркор аёл вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Турагентликка алоқадор манзилларда тинтув ўтказилди: ишончномалар, фуқароларнинг ҳужжатлари, пул ўтказмалари квитанциялари ва бошқа материаллар мусодара қилинди. Ҳозирда тергов ҳодисанинг барча тафсилотларини, жабрланганлар доираси ва етказилган зарар миқдорини аниқламоқда.
Пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари зиёрат йўлланмаларини сотиб олаётганда фуқароларга компаниянинг фаолият юритиш учун рухсатномаси борлигини текширишни, расмий шартномалар тузишни ва тўлов ҳужжатларини сақлашни тавсия қилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, 18 ноябрь куни эрталаб МДБ Тошкентда қолиб кетган фуқароларни ватанга қайтариш масаласида шошилинч йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. Учрашувда «Нур Умра Трэвел» раҳбари ҳам иштирок этган. Бундан ташқари, Кошоевага мусулмонлар диний бошқармаси вакиллари билан биргаликда муаммони жойида ҳал этиш учун Ўзбекистон пойтахтига бориш топширилган эди.
Муфтият юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда, одамларга умра сафарига қўшни давлатлар орқали транзит билан эмас, балки Бишкек ва Ўшдан тўғридан-тўғри авиарейслар орқали учишни тавсия қилди.
Бир неча кун олдин зиёратга отланган 104 нафар Қирғизистон фуқароси Тошкентда қолиб кетгани, улар 12 ноябрдан бери Саудия Арабистонига уча олмаётгани маълум бўлганди. Шу билан бирга, сафарни ташкил этган туроператор мижозлардан сафарни давом эттириш учун қўшимча ҳақ талаб қилаётганига ойдинлик киритилганди.



