Тожикистондаги ЭУТда юз берган авария Ўзбекистонда электр узилишларига сабаб бўлди

Қулаган ЭУТ. Фото: Ўзбекистон Энергетика вазирлиги

Тожикистон ҳудудида юқори кучланишли электр узатиш тармоғи (ЭУТ) таянч устунининг қулаши сабабли 19 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги бир неча туманда электр таъминотида узилишлар юз берди. Авария Сирдарё иссиқлик электр станциясидан республиканинг шарқий вилоятларига электр энергияси етказиб берувчи магистралга дахл қилди, деб хабар беради «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси.

Фавқулодда узилиш соат 06:19 да 500 киловольт кучланишли Л-503 тармоғида содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, мураккаб рельефли участкада ўрнатилган таянч устунларидан бири ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қулаб тушган. Шундан сўнг автоматик ҳимоя тизими ишлаб кетиб, шикастланган магистрал орқали электр энергияси узатишни тўхтатган.

Соат 08:14 га келиб энергетика ходимлари захира қувватлари ҳисобидан барча истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклашга муваффақ бўлдилар. Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги ЭУТни таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар эҳтимолий вақтинчалик чекловлар ҳақида огоҳлантирди. Тиклаш ишлари Тожикистондан келган мутахассислар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган. Шикастланишни тўлиқ бартараф этиш муддатларига аниқлик киритилмаган.

Тожикистон ҳудудидаги авария Ўзбекистоннинг энергия таъминотига таъсир кўрсатди, чунки Л-503 тармоғи Сирдарё ИЭСни Фарғона водийсининг энергетика объектлари билан боғлайди, аммо унинг йўналишининг бир қисми қўшни республика орқали ўтади. Шу тариқа, гап Тожикистон электр энергияси импорти ҳақида эмас, балки Ўзбекистоннинг бир қисмидан иккинчисига Тожикистон ҳудуди орқали электр энергиясини узатиш ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга, Фарғона водийси электр энергиясини бошқа йўналишлардан ҳам олади. Хусусан, Тошкент вилоятидаги Янги Ангрен ИЭСдан Л-524 тармоғи орқали таъминланади.

Эътиборлиси, мазкур ҳодисадан атиги бир ҳафта олдин, 12 ноябрь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг Фарғона филиали мутахассислари Л-503 тармоғини, шу жумладан унинг Тожикистон ҳудудидаги қисмини тепловизор орқали кўрикдан ўтказган эди. Бундай текширув ускуналарнинг қизиб кетиши ва контакт уланмаларидаги носозликларни аниқлаш имконини беради, аммо таянч устунларининг мустаҳкамлигини баҳолаш учун мўлжалланмаган. Бундан ташқари, 2025 йилнинг октябрь ойида ушбу магистралнинг Тожикистон қисмида таянч устунларининг маҳкамлагичлари таъмирланиб, эскирган болтлар ва металл деталлар алмаштирилган эди. Ишлар 118–122-сонли таянчларни қамраб олган. 19 ноябрь куни айнан қайси таянч қулагани ва у муқаддам таъмирланганми-йўқми, номаълум.

Марказий Осиё электр тармоқларининг ҳозирги конфигурацияси республикаларнинг энергетика тизимлари ягона тармоққа бирлаштирилган совет даврида шаклланган. Юқори кучланишли линияларнинг йўналишлари келажакдаги чегаралар ҳисобга олинмаган ҳолда, жуғрофия ва электр станцияларининг жойлашувидан келиб чиқиб ётқизилган. СССР парчалангач, айрим магистраллар бир нечта мустақил давлатлар ҳудудида қолиб кетди. Натижада бир мамлакатдаги тармоқнинг шикастланиши ҳалигача қўшни давлатда электр узилишларига олиб келиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ