Тожикистон Эрон, Туркманистон ва Озарбайжондан ёқилғи импорти божларини бекор қилди

Тожикистондаги ёқилғи қуйиш шохобчаси Фото: sputniknews.ru

Тожикистон ҳукумати 2026 йил охирига қадар МДҲ эркин савдо ҳудудига кирмайдиган мамлакатлардан бензин, дизель, суюлтирилган газ ва бошқа нефть маҳсулотларини олиб кириш учун божхона божларини ноллаштирди. Бу қарор ёқилғини Эрон, Туркманистон ва Озарбайжондан имтиёзли шартларда импорт қилиш имконини беради, деб хабар бермоқда «Азия-Плюс».

Тегишли 744-сонли қарор 10 ноябрда қабул қилинган бўлиб, 13 ноябрь куни расмий «Жумҳурият» газетасида эълон қилинди. Ноль ставка 31 декабрга қадар амал қилади ҳамда нефть маҳсулотлари ва нефть газларига, жумладан, суюлтирилган газга нисбатан татбиқ этилади. Шу билан бирга, хом нефть ушбу ҳужжат доирасига кирмайди.

Россия, Қозоғистон ва МДҲ эркин савдо ҳудудининг бошқа иштирокчилари учун импорт божларининг ноль ставкаси аввал ҳам амал қилган. Янги имтиёз муқобил етказиб берувчилардан ёқилғи харид қилишни енгиллаштириш ва Тожикистоннинг Россия импортига бўлган қарамлигини камайтиришга қаратилган.

Монополияга қарши хизмат маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида республика 494,7 миллион долларлик 599,5 минг тонна нефть маҳсулотини импорт қилган. Етказиб беришнинг 91 фоизи Россияга тўғри келган, Беларусь — 2,8 фоиз, Туркманистон — 1,9 фоиз, Қозоғистон — 1 фоиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон эса 0,9 фоиздан улушга эга бўлган.

Ёз ойларида республика Россиядан ёқилғи етказиб беришдаги узилишлар ортидан тақчилликка дуч келди. Июль ойида Душанбе шаҳридаги айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида дизель ёқилғиси бир автомобиль учун 20 литрдан ошмаган чеклов билан сотилди. Август ойи охирига келиб дизель нархи июнь ойи бошига нисбатан 50 фоизга, АИ-92 бензини эса деярли чорак қисмга қимматлашди. Шу билан бирга, август ойида Россиядан дизель ёқилғиси етказиб бериш ҳажми июлдаги 16 минг тоннадан 56 минг тоннага кўтарилиб, бу вазиятни бир қадар яхшилаш имконини берди.

Ички бозорни таъминлашдаги муаммолар фонида Душанбе муқобил таъминотчиларни излай бошлади. Август ойида Тожикистон Эронга нефть ва нефть маҳсулотларини катта ҳажмда етказиб бериш таклифи билан чиқди ва ой охирида ушбу давлатдан импорт бошланди. Бироқ келишилган ҳажмнинг салмоқли қисмини ташкил этувчи хом нефть янги божхона имтиёзи доирасига киритилмаган.

Тожикистон мамлакатни ёқилғи билан таъминлаш мақсадида илгари ҳам божхона имтиёзларидан фойдаланган эди. «Фарғона» ёзганидек, 2025 йилнинг апрель ойида ҳукумат давлат захиралари учун 100 минг тоннагача бензин ва шунча миқдордаги дизель ёқилғисини божсиз олиб киришга рухсат берганди. Шунингдек, ҚҚС ва акциз солиғи ставкаларини 50 фоизга камайтириш кўзда тутилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ