Ҳимолай тоғларида минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган фожиа экологларнинг Жаҳон банкига нисбатан кескин талаб қўйишига сабаб бўлди. Дунёнинг турли мамлакатларидан 111 та нодавлат ташкилот банкни баланд тоғли ҳудудлардаги йирик ГЭСларни молиялаштиришга мораторий жорий этишга чақирди. Молиявий қўллаб-қувватлашдан воз кечиш лозим бўлган лойиҳалар қаторида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ҳам бевосита тилга олинган. Бу ҳақда Марказий Осиё дарёлари ва тўғонлари ҳақидаги янгиликларни ёритувчи Rivers.Help! портали хабар берди.
12 октябрь санаси билан Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, Халқаро молия корпорацияси (IFC) бошқарувчи директори Махтар Диоп ва ижрочи директорлар кенгашига йўлланган мурожаатни бир қатор ташкилотлар имзолаган. Улар орасида International Rivers, «Чегара билмас дарёлар» халқаро коалицияси (Rivers without Boundaries), CEE Bankwatch Network, Bretton Woods Project, шунингдек, тожикларнинг «Медвежий угол» экологик ташаббус гуруҳи ва Россиянинг «Дронт» ҳамда Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш маркази каби ташкилотлари бор.
Мурожаатга 2026 йил 26 август куни Непал ва Хитойнинг Тибет мухтор райони чегарасидаги Ҳимолай тоғларида тош ва муз кўчкиси юзага келиб, Бҳотекоши — Тришули йўлагида ҳалокатли сув тошқинини келтириб чиқаргани сабаб бўлган. Мактуб муаллифлари келтирган Непал ҳукумати маълумотларига кўра, сентябрь ойи охирига келиб 1450 киши ҳалок бўлган, яна 5285 киши ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Бедарак йўқолганлар орасида қиймати 650 миллион долларлик «Юқори Тришули-1» ГЭСи қурилишида ишлаётган тахминан 500 нафар ходим ҳам бор. Ушбу станция Жаҳон банки гуруҳи бошчилигидаги кредиторлар консорциуми томонидан молиялаштирилмоқда. Консорциумда Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳам иштирок этади.
Ҳукумат баҳолашига кўра, 13 та гидроэлектр станциясининг вайрон бўлиши қарийб 1 миллиард долларлик зарарга сабаб бўлган. Бу офат туфайли етказилган жами моддий ва иқтисодий зарарнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Катманду энергетика инфратузилмасини тиклаш учун 2,5 миллиард доллар сўралмоқда. Бу мамлакатга офат оқибатларини бартараф этиш учун зарур бўлган жами маблағнинг 54 фоизига тенг.
Мурожаат муаллифлари ушбу фожиани «тўлиқ олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган» ҳодиса деб атаб, хавфи юқори бўлган инфратузилмани молиялаштиришда Жаҳон банки қўллаётган ёндашувни танқид қиладилар
Фуқаролик жамияти ташкилотлари 2017 йилдаёқ «Юқори Тришули-1» лойиҳаси билан боғлиқ хавфлар ҳақида огоҳлантирган эди. Улар Тришули дарёсида музлик кўлларининг ёрилиши билан боғлиқ аввалги ҳодисаларга, 2015 йилги зилзила яққол намоён этган юқори сейсмик хавфга ҳамда иқлим ўзгаришининг дарё оқимига таъсирини ҳисобга олмаган лойиҳага эътибор қаратишган. Шунга қарамай, 2018 йилда Халқаро молия корпорацияси (IFC) ҳавзадаги музлик кўлларининг дарз кетиши хавфини паст деб баҳолаган. Иқлимий хавфлар бўйича алоҳида ўтказилган баҳолашда ҳам уларнинг аҳамияти жиддий эмас, деб топилган.
2023 йилда Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилган мустақил экспертлар гуруҳи 2024 йил сентябрь ойидаги сув тошқини машина зали яқинидаги ишчилар лагерига хавф туғдирганини, 2025 йилда эса музлик кўлининг дарз кетиши қурилиш объектларига зарар етказганини қайд этган. 2025 йил май ойида экспертлар лойиҳанинг иқлимий барқарорлигини офатлар хавфини ҳисобга олган ҳолда баҳолашни тавсия қилган. Бироқ бундай баҳолаш ҳанузгача ўтказилмаган.
«Молиячилар лойиҳа такрорий сув тошқинлари ва музлик кўлларининг дарз кетиши хавфига дуч келаётганини, хавфсизлик чораларини зудлик билан кўриш зарурлигини билган. Аммо қурилиш бундай чораларсиз давом этган», — дейилади мактубда.
Экологлар бу ҳолатни алоҳида камчилик эмас, балки тизимли муаммо деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, банкнинг юмшатилган ҳимоя сиёсати экологик хавфлар баҳоланиб, уларни камайтириш бўйича реал режалар тайёрланишидан олдин молиявий битимларни якуний тасдиқлашга имкон беради. Мактубда зарар кўрган ёки ортиқча харажатлар ва муддатлар билан қайта лойиҳалаштирилган объектларга мисол сифатида Покистондаги Dasu, Tarbela 5 ва Хайбер-Пахтунхвадаги ГЭСлар, Ҳиндистондаги Vishnugad Pipalkoti, Непалдаги «Юқори Бхотекоши» ҳамда Тожикистондаги Роғун ГЭСи келтирилган.
Мурожаат муаллифлари сўнгги йилларда содир бўлган бир қатор аварияларни ҳам эслатади. 2021 йил февраль ойида Ҳиндистоннинг Чамоли ҳудудида тош ва муз кўчкиси икки ГЭСни вайрон қилиб, 200 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган. 2023 йил октябрь ойида Сиккимдаги Жанубий Лхонак музлик кўлининг дарз кетиши натижасида қуввати 1200 МВт бўлган, яқинда қуриб битказилган Teesta-III тўғони вайрон бўлган. 2024 йил сентябрь ойида Непалдаги сув тошқинлари тахминан 20 та станцияга зарар етказган. 2025 йил июль ойида эса музлик кўлининг дарз кетиши Бҳотекоши — Тришули йўлагидаги яна 11 та лойиҳага таъсир кўрсатган.
Коалиция бешта талабни илгари суради. Жаҳон банки хавфли тоғли ҳудудлардаги дарёларни, биринчи навбатда, муаллифлар Ҳимолай, Қорақурум, Ҳиндукуш, Помир, Тянь-Шань ва Куньлунь тоғ тизмаларини ўз ичига олган Осиёнинг баланд тоғли минтақаларини йирик инфратузилма лойиҳалари учун ёпиқ ҳудудлар деб эълон қилиши керак. Шунингдек, мустақил текширувлар ва дарё ҳавзалари миқёсидаги хавф баҳолари якунлангунига қадар ўз портфелидаги йирик ва каскадли ГЭСларни молиялаштиришга зудлик билан мораторий жорий этиши лозим.
Банкка экологик ва ижтимоий стандартлардаги бўшлиқларни бартараф этиш, барча ҳимоя ҳужжатлари тасдиқланмагунча молиявий битимларни якуний расмийлаштириш ва маблағ тўлашни тақиқлаш таклиф этилади. Бу ҳужжатлар қаторига тўғон бузилиши хавфини баҳолаш ва маҳаллий аҳоли ҳамда қуйи оқимда жойлашган мамлакатлар билан келишилган фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш режалари ҳам кириши лозим. Мурожаат муаллифларининг фикрича, Непални тиклаш ишлари аввалги заифликларни янада кучайтирадиган лойиҳалар ҳисобига эмас, балки грантлар ва товон тўловлари орқали амалга оширилиши керак.
Бешинчи талаб бевосита Марказий Осиёга тааллуқли. Муаллифлар Жаҳон банкини гидроэнергетикага қарам мамлакатларга энергетика тизимларини диверсификация қилишда ёрдам беришга чақиради. Мозамбик ва Конго Демократик Республикасидан тортиб Непал ва Тожикистонгача бўлган давлатлар учун тақсимланган қуёш ва шамол энергетикаси, кичик ГЭСлар, энергияни сақлаш тизимлари, электр тармоқлари барқарорлиги ҳамда минтақавий тармоқлараро боғланишларни ривожлантиришга маблағ йўналтириш таклиф этилади.
Имзоловчилар фикрича, Замбези дарёсидаги Mphanda Nkuwa, Конго дарёсидаги Inga 3 ва Тожикистондаги Роғун ГЭСи каби янги йирик лойиҳалар «мамлакатларни айнан уларни заиф қилаётган қарамликка янада чуқурроқ ботиради». Шу сабабли улар Жаҳон банкини ушбу лойиҳаларни молиялаштириш, кафолатлар бериш, капиталда иштирок этиш ва техник ёрдам кўрсатиш орқали қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирадилар.
«Тоғлар аниқ огоҳлантириш берди: агар Жаҳон банки гуруҳи ушбу заиф ҳудудларда гидроэнергетикани инерция бўйича молиялаштиришда давом этса, у навбатдаги фожиа учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олади», — дея хулоса қилади мурожаат муаллифлари.
Амударё ҳавзасидаги Вахш дарёсида жойлашган Роғун ГЭСи дунёдаги энг баланд — 335 метрлик кўтарма тўғонга эга бўлиши керак. Rivers.Help! портали таъкидлашича, лойиҳа Непалдаги каби заифлик шароитида — музликларнинг тез эриши, селлар ва зилзилалар хавфи мавжуд бўлган ҳудудда амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, Жаҳон банки уни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда: банк томонидан ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 650 миллион долларга етган. 2026 йил ёзида директорлар кенгаши 300 миллион долларлик сўнгги грантни маъқуллаган, октябрь бошида эса Тожикистон парламенти уни ратификация қилган.
Айни пайтда Роғун ГЭСи атрофида халқаро донорлар гуруҳи шаклланмоқда. Улар қўшимча равишда қарийб 3 миллиард доллар жалб этиши керак. Электр энергияси ишлаб чиқариш билан бир вақтда қурилиш ишлари ҳам давом этмоқда: тўғон баландлиги 190 метрга етган, иккита гидроагрегат ишламоқда. Портал эслатишича, минтақа дарёлари трансчегаравий хусусиятга эга. Шу боис Роғун ГЭСи ёки Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭСи каби йирик тўғонлар қўшни мамлакатларнинг сув таъминотига бевосита таъсир кўрсатади, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектларини ҳам ўз ичига олган экотизимларга хавф туғдиради. Шунингдек, иқлим ўзгариши шароитида бундай лойиҳалар сув ресурслари тақсимоти бўйича низоларни кескинлаштириши мумкин.
Жаҳон банкига йўлланган мактубда Қирғизистондаги лойиҳа тилга олинмаган. Бироқ, экологлар илгари сураётган — беқарор баланд тоғли водийларда улкан тўғонлар қурмаслик — тамойили Тянь-Шань тоғларига ҳам тааллуқли.
-
16 Сентябрь16.09Тонгги тароват ўлкасидаги саммитМуҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди? -
24 Июль24.07Роғун итальянча акцент биланНега Италия ўз маблағи йўқ Тожикистоннинг энг йирик қурилиш лойиҳасини молиялаштираётгани ҳақида -
01 Июль01.07Россияда бензин камайдиБу Қирғизистон ва умуман Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатади? -
17 Июнь17.06Оила номи билан аталган тўғонТожикистонда қурилаётган дунёдаги энг баланд тўғон мамлакатнинг ўз маблағлари етарли бўлмаган шароитда ва хорижий кредитлар ҳисобидан амалга оширилмоқда -
26 Май26.05«Сув дипломатияси»нинг бадалиБМТ Эмомали Раҳмонга фахрий ёрлиқ топшираётган бир пайтда, Амударё саёзлашда давом этмоқда... -
21 Январь21.01Булбул гул ишқида ёнгани кабиМарказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?



