Халқаро Climate Change Performance Index — 2027 (CCPI) иқлим рейтингининг янгиланган талқинида Ўзбекистон ўтган йили эълон қилинган рўйхатга нисбатан бирданига ўнта поғона юқорилаб, 43-ўринни эгаллади. Бу мамлакат мазкур рейтингга киритилганидан бери қайд этилган энг яхши натижадир, дея хабар беради Марказий Осиё республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати.
Идора вакиллари Ўзбекистон иқлим рейтингида илк бор 2024 йилда пайдо бўлганини, ўшанда унга 48-ўрин берилганини эслатади. Сўнгра мамлакат 54-ўринга тушиб кетган, 2026 йилда эса бир поғона юқорилаган. Энди эса CCPI лойиҳасида иштирок этиш тарихидаги энг юқори кўрсаткичга эришди.
Таҳлилчилар республикада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этдилар. Хусусан, янгиланган миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса доирасида Ўзбекистон ўзининг иқлим бўйича мажбуриятларини ошириб, 2035 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 50 фоизга камайтириш мақсадини белгилагани алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш жадал суръатларда ривожланмоқда, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда, энергия тежовчи технологиялар фаол жорий қилинмоқда. Ҳукумат, шунингдек, иссиқхона газлари ташланмаларини мониторинг қилиш, ҳисоботини юритиш ва верификациялаш тизимига ҳам катта эътибор қаратмоқда.
Шунга қарамай, экспертлар камчиликларни ҳам кўрсатиб ўтдилар. Масалан, электр тармоқлари ва энергия сақлаш тизимларининг ривожланиши янги қувватларни ишга тушириш суръатларидан ортда қолмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг табиий газга бўлган қарамлиги сақланиб қолаётгани ҳамда қазилма ёқилғилардан фойдаланишни қисқартириш бўйича узоқ муддатли режа мавжуд эмаслиги асосий муаммолар қаторида қайд этилган. Рейтинг тузувчилари яна бир камчиликни кўрсатдилар: иқтисодиётнинг юқори энергия сиғими ва айрим иқлим стратегияларининг етарли даражада амалга оширилмаслиги.
CCPI глобал иссиқхона гази ташланмаларининг 90 фоиздан ортиғи тўғри келадиган мамлакатларни қамраб олади. Тадқиқотнинг барча иштирокчилари иқлим кун тартибини амалга ошириш ҳажми ва самарадорлигига кўра бир нечта гуруҳга ажратилган: «жуда юқори»дан (very high) «жуда паст»гача (very low).
Рўйхатнинг 43-поғонасида турган Ўзбекистон охиргидан олдинги — «паст» (low) тоифасига киради. Рейтингда Марказий Осиёдан яна бир давлат — Қозоғистон ҳам иштирок этмоқда. Ушбу республика мумкин бўлган 68 та ўриндан 63-поғонани эгаллаб, аутсайдерлар қаторидан жой олди. Ундан қуйида фақат БАА, Саудия Арабистони, Россия, АҚШ ва Эрон жойлашган. Шунингдек, иқлим сиёсати самарадорлиги «жуда паст» баҳоланган гуруҳда Австралия, Канада, Хитой, Япония ва Жанубий Корея каби давлатлар ҳам қайд этилган.
Шуни таъкидлаш жоиз, рейтингнинг дастлабки учта ўрни бўш қолган — ҳеч кимга «жуда юқори» баҳо берилмаган. Шу сабабли «юқори» (high) тоифасида расман 4-дан 8-ўрингача жойлашган шартли етакчилар бешлиги қуйидагича кўринишга эга: Дания, Литва, Люксембург, Буюк Британия ва Марокаш.
ℹ️ Climate Change Performance Index — мамлакатларнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини мустақил баҳолашнинг халқаро воситасидир. Мазкур рейтинг ҳар йили Germanwatch ва NewClimate Institute ташкилотлари томонидан ҳамкорлари кўмагида тузилади.
Иштирокчилар тўртта асосий мезон бўйича баҳоланади: иссиқхона газлари ташланмалари, қайта тикланувчи энергетиканинг ривожланиши, энергия истеъмоли ва давлатнинг иқлим сиёсати.



