Қозоғистонда совет аскарлари ёдгорлиги вандаллар томонидан бузиб ташлангач, жиноят иши қўзғатилди

Фото: t.me/gcrfa

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти полиция департаменти Тарозда Қизил армия жангчилари дафн этилган жойдаги ёдгорлик стеласи вайрон қилинганидан сўнг жиноят иши қўзғатди, деб хабар бермоқда маҳкама матбуот хизмати.

Полиция ҳодисага алоқадор шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилаётганини маълум қилди. Айбдорларга «қонунга мувофиқ қатъий жавобгарлик» белгиланиши ваъда қилинди.

18 ноябрь куни Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги номаълум шахслар Тароз шаҳар қабристонидаги Қизил армиянинг 72 нафар номаълум жангчиси дафн этилган госпиталь қабристонидаги ёдгорлик стеласини деярли бутунлай вайрон қилгани ҳақида маълум қилди. Дипломатик ваколатхона Қозоғистон расмийларини синчковлик билан тергов ўтказишга, айбдорларни аниқлаб, жазолашга чақирди.

Ёдгорлик мажмуаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Жамбилдаги эвакуация госпиталларида олган жароҳатларидан вафот этган совет аскарларига бағишланган. У кенг кўламли таъмирдан сўнг 15 октябрь куни очилган эди. Ишлар Жамбил вилояти ва Тароз шаҳри раҳбарияти кўмагида Россия томонидан молиялаштирилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ юз берган ҳодиса юзасидан Россия консуллигининг нотаси қабул қилингани ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш ниятида эканини ТАССга тасдиқлаган эди. 19 ноябрь куни Қозоғистон ТИВнинг Олмаотадаги ваколатхонаси раҳбари Жанибек Абдрашов агентликка мамлакатда вандализм қораланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатларга чек қўйилади, айбдорлар эса жазоланади.

Қозоғистон Жиноят кодексининг 294-моддаси («Вандализм») бўйича 200 БҲКгача (1,9 минг доллар) жарима, ахлоқ тузатиш ва жамоат ишлари, уч йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Бундай ҳолатлар аввал ҳам рўй берган. 2024 йил баҳорида полициячилар маст ҳолатда Шон-шуҳрат обелискидаги Мангу олов юлдузини синдириб ташлаган Павлодар фуқаросини қўлга олган эди. Ёдгорлик бир сутка ичида қайта тикланди. Ўша йилнинг кузида полиция Зеренда қишлоғидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдгорлигини таҳқирлаган вандални топганди.