Ўзбекистонлик олим Иқболжон Қорабоев Қозоғистонда 10 йилга озодликдан маҳрум этилди, дея профессорнинг яқинлари «Азаттиқ Азия» журналистларига хабар берди.
Уларнинг маълум қилишича, 46 ёшли Қорабоев Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси («Айғоқчилик») бўйича айбдор деб топилган. Ушбу модда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Иш материаллари махфий маълумотларни ўз ичига олгани сабабли суд жараёни ёпиқ тартибда ўтказилган. Ҳукм ҳақида оила аъзолари суд ёки расмий идоралар вакилларидан эмас, балки ўз манбалари орқали хабар топган.
Маҳкумнинг яқинлари ҳалигача тергов материаллари билан танишиш имконига эга бўлмаганини билдирмоқда. Шунингдек, айбловга кўра олим қайси давлат манфаати йўлида иш олиб боргани ва судга қандай далиллар тақдим этилгани ҳам оилага маълум қилинмаган.
«Бизга терговнинг бориши ва натижалари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Айбловга оид аниқ материаллар ва далиллар ҳамон очиқланмаяпти», — дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор этмасликни сўраган профессорнинг қариндошларидан бири.
Унинг сўзларига кўра, оила Қозоғистон президентига, бош прокурорга, Миллий хавфсизлик қўмитасига, омбудсманга ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилган. Бироқ давлат идораларидан мазмунли жавоблар олинмаган.
Қозоғистон МХҚ раҳбарияти алмашганидан сўнг оила қўмитанинг янги раҳбарига, президентга ва Бош прокурорга қайта мурожаат йўллаган.
Қорабоевнинг яқинлари ҳукм устидан шикоят қилиш ва профессорнинг тўлиқ оқланишига эришиш ниятида. Уларнинг талаблари қаторида тергов ва суд жараёни материалларини тақдим этиш, олимни университетдаги аввалги лавозимига ҳамда меҳнат ҳуқуқларига тиклаш, шунингдек, йўл қўйилган бўлиши мумкин бўлган қонунбузарликларни расман тан олиб, унинг обрўсини қайта тиклаш бор.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон каби икки қардош давлат ўртасида бундай вазият қандай қилиб юзага келиши мумкин? Биз XXI асрда яшаяпмиз, қўшни ва дўст мамлакатлармиз, тарихимиз умумий, қардошлик алоқаларимиз мустаҳкам. Франция Бельгия фуқаросини айғоқчиликда айблаб ҳибсга олиб, суд қилганини тасаввур қилиш мумкинми? Ахир биз ҳам қардош халқлармиз, ўртамизда ишонч, ўзаро ҳурмат ва адолат бўлиши керак-ку», — дейди профессорнинг қариндоши.
Қозоғистон расмий идоралари ҳукм ҳақидаги хабарга ҳозирча изоҳ бермади. Ўзбекистон расмийларининг позицияси ҳам номаълумлигича қолмоқда.
Қорабоев 2026 йил 3 июль куни Остонада ҳибсга олинганди, у ерда олим рафиқаси ва уч нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаб келаётган эди.
Профессор Мақсут Нарикбаев номидаги университетда халқаро муносабатлар бўйича дарс берган. У минтақавий интеграция, геоиқтисодиёт ҳамда Марказий Осиёнинг стратегик муҳим минерал ресурсларини тадқиқ қилган.
Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, олим ўз изланишларида фақат очиқ манбалардаги маълумотлардан фойдаланган.
Хусусан, 2025 йилнинг апрелида профессор «Қозоғистон ва Ўзбекистондаги муҳим минераллар атрофидаги қиёсий ҳуқуқий, сиёсий ва стратегик нарративлар» мавзусида тадқиқотни якунлаган бўлиб, у ҳали эълон қилинмаган. Ишда Қозоғистоннинг тўққизта, Ўзбекистоннинг саккизта ҳамда учта халқаро ҳужжат таҳлил этилган.
Бундан олдин, 2024 йил октябрида Қорабоев тақдим этган тадқиқотида Хитой мавқеининг мустаҳкамланиши, пандемия ҳамда Украинадаги уруш сабабли таъминот занжирларининг узилиши фонида Марказий Осиёдаги ноёб ер элементларига халқаро қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида ёзган эди. Муаллиф ХХР Қирғизистон ва Тожикистонда бундай хомашё қазиб олишда етакчилик қилаётганини, ушбу ресурслар бўйича Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкори эканини ҳамда Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтираётганини таъкидлаган.
ℹ️ Сўнгги йилларда муҳим минераллар мавзуси тобора катта геосиёсий аҳамият касб этмоқда. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев 2023 йилда уларни «янги нефть» деб атаган ва соҳага сармоя киритишга чақирган эди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил июнида Тошкентдаги форумда мамлакатда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий ва титаннинг йирик захиралари аниқланганини, республика ер ости бойликларининг умумий салоҳияти эса 3 триллион долларга баҳоланишини билдирганди.
2025 йил ноябрида Тўқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида томонлар муҳим ва ноёб ер металларини геологик ўрганиш ҳамда қазиб олиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олдилар, шунингдек, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоладилар.



