CPJ «Клооп» постини репост қилган шахс ҳукмидан сўнг Жапаров даврида сўз эркинлиги пасайганини тан олди

Қирғизистонда бир пайтлар эркин бўлган медиа майдони Садир Жапаров президентлиги даврида сезиларли даражада таназзулга юз тутди. Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) X ижтимоий тармоғидаги баёноти билан бишкеклик Бақтибек Молдалиевнинг «Клооп» нашри материалини репост қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм этилишига ана шундай муносабат билдирди.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Фиона О’Брайен фаолга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмини республикада сўз эркинлигига бўлаётган босимнинг яққол кўриниши деб баҳолади.

«Ҳукм жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу ҳокимиятнинг ҳукуматдаги коррупция ҳақидаги маълумотлар эълон қилинишига чек қўйиш борасидаги уринишлари кучайганидан далолат беради. Аввалроқ, 2025 йилда “Клооп”нинг коррупция ҳақидаги мукофотга сазовор бўлган суриштирувлари “экстремистик” деб топилган эди. Қирғизистон учун мисли кўрилмаган бу қадам Жапаров даврида мамлакатда ОАВ эркинлиги қай даражада чекланганини яққол кўрсатади», — деб ёзади CPJ вакили.

Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё давлати раҳбарияти журналистлар ва блогерларнинг таъқиб қилиниши ҳолатларини рад этмоқда. Хусусан, республика раҳбари интервьюларининг бирида ҳукумат танқиди сабабли ушланган фуқаролар расмийларнинг кўрсатмаси билан эмас, балки қонуний асосларда ҳибсда сақланаётганини таъкидлади. Жапаровнинг сўзларига кўра, агар кимдир ёлғон тарқатса ёки бировнинг обрўсига путур етказса, бунинг учун қонун олдида жавоб бериши шарт.

Шу билан бирга, президент Олий суднинг мамлакатда оммалашган мустақил онлайн-нашрни бошқарган «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлади. «“Клооп” журналистлари кимнидир қоралаш мақсадида бир томонлама суриштирувлар ўтказишган. <…> Уларнинг ёлғон маълумотлар тарқатганига ҳамма гувоҳ бўлди», — деди Жапаров.

11 ноябрь куни Бишкекнинг Октябрь туман суди маҳаллий фуқаро Бақтибек Молдалиевни материаллари Қирғизистонда «экстремистик» деб тан олинган «Клооп» нашри мақоласини репост қилгани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм этгани хабар қилинган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, қирғизистонлик фуқаронинг жиноий таъқибга учрашига унинг мустақил нашрлар сайтларини ўқигани, ижтимоий тармоқларда ҳукуматни ошкора танқид қилгани ҳамда ўз саҳифалари орқали таъқибдаги ОАВ материалларини бошқалар билан бўлишгани сабаб бўлган.

Молдалиев ўз айбини тан олмади. Бундан ташқари, у октябрь ойида тергов изоляторида бўлган пайтида яқинларига хат етказиб, коррупцияни танқид қилгани учун таъқиб этилиши адолатсиз эканини билдирган ва республика Жиноят кодексини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мослаштиришга чақирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ