Қирғизистон футбол терма жамоаси Вьетнамда «Каспер кубоги»ни қўлга киритди

Вьетнам – Қирғизистон учрашувидан лавҳа. Фото: ҚФИ

Қирғизистон футбол терма жамоаси Вьетнамда бўлиб ўтган «Каспер кубоги» халқаро ўртоқлик турнири ғолибига айланди. Ҳал қилувчи баҳсда қирғизистонликлар финал ҳуштаги чалиниши арафасида иккита тўп киритиб, мусобақа мезбонларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Учрашув 17 ноябрь куни Ниньбинь провинциясидаги «Тхьен Чыонг» стадионида бўлиб ўтди. 19-дақиқада мезбонлар Нгуен Динь Бакнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди: у чап қанотдан ёриб кириб, жарима майдончаси ташқарисидан берган зарбаси билан дарвозани ишғол қилди.

Вьетнамликлар деярли ўйин якунига қадар устунликни ўз қўлида сақлаб турди, бироқ 85-дақиқада Қирғизистон терма жамоаси сардори Валерий Кичин бурчакдан оширилган тўпни бош билан дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади. Орадан уч дақиқа ўтиб, Эрбол Атабаев рақиб посбони дарвозадан анча олдинга чиқиб кетганини пайқаб қолди ва майдоннинг ўз қисмидан йўллаган зарбаси билан тўпни тўрга киритди — 2:1.

Турнирда учта терма жамоа — Қирғизистон, Вьетнам ва Хитой Тайбэйи қатнашди. Жамоалар ўзаро бир мартадан тўқнаш келди, мусобақа ғолиби эса жамғарилган очколар сонига кўра аниқланди. Дастлабки учрашувда қирғизистонликлар Хитой Тайбэйини 3:0 ҳисобида тор-мор этган эди. Ушбу ўйинда Кайрат Жиргалбек уулу, Жоэл Кожо ҳамда Нурбол Акматов гол муаллифи бўлди.

Шу тариқа, Урмат Абдукаимов шогирдлари ҳар иккала учрашувда ҳам ғалаба қозониб, киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати 5:1 бўлган ҳолда олти очко билан биринчи ўринни эгаллади. Вьетнам уч очко билан иккинчи бўлди, Хитой Тайбэйи эса ҳар икки баҳсда имкониятни бой берди.

Абдукаимов Қирғизистон миллий терма жамоаси бошқарувини 2026 йилнинг августида қабул қилиб олган. Унинг олдида турган асосий вазифалардан бири — жамоани 2027 йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига тайёрлаш ҳисобланади. Қирғизистонликлар қитъа биринчилигида қаторасига учинчи бор майдонга тушади. 2019 йилги турнирда улар 1/8 финалгача етиб борган, 2023 йилги мусобақада эса гуруҳдан чиқа олмаган эди. ЖЧ–2026 саралашида Қирғизистон термаси ўз тарихида илк бор Осиё саралаш босқичининг учинчи раундига қадар етиб келди, бироқ мундиал чиптасини қўлга кирита олмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ