Қозоғистон футбол терма жамоасининг нидерландиялик мураббий билан шартномани узайтирмайди

Жон ван ’т Шкип. Фото: ҚФФ

Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) миллий терма жамоа бош мураббийи Жон ван ’т Шкип билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. 62 ёшли нидерландиялик мутахассис билан тузилган битим жорий ҳафта охирида ўз якунига етади, деб хабар беради Sports24.kz федерация бош котиби Скотт Маннга таяниб.

«Биз шартномани узайтирмаймиз ва жамоани Европа чемпионати саралашига тайёрлайдиган янги мураббийни узоқ муддатга қидиришни бошлаймиз», — деди Манн 17 ноябрь кунги матбуот анжуманида.

Ван ’т Шкип Қозоғистон терма жамоасини 2026 йилнинг августида Талгат Байсуфинов ўрнига қабул қилиб олганди. Нидерландиялик мутахассис олдига жамоани УЕФА Миллатлар лигасининг B дивизионига олиб чиқиш вазифаси қўйилган эди, бироқ буни уддалашнинг иложи бўлмади.

Қозоғистон мусобақани C3 гуруҳида бирорта ҳам ғалаба қозонмай, сўнгги, тўртинчи ўринда якунлади. Олтита учрашувда жамоа уч бор дуранг ўйнаб, уч марта мағлубиятга учради ва бор-йўғи уч очко жамғарди. Қозоғистонликлар Молдовага икки марта имкониятни бой берди, сафарда Словакияга ютқазди ва Фарер ороллари билан икки бор дуранг қайд этди.

Ван ’т Шкип бошчилигидаги сўнгги ўйинни терма жамоа 16 ноябрь куни Остонада Словакияга қарши ўтказди. Мезбонлар Ислам Чесноков ва Ян Вороговскийнинг голлари эвазига икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса-да, ҳакам томонидан қўшиб берилган бешинчи дақиқада ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди ва баҳс 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

Жон ван ’т Шкип — Нидерландия терма жамоаси сафида 1988 йилги Европа чемпиони ҳисобланади. Футболчилик фаолияти давомида у Амстердамнинг «Аякс» ва Италиянинг «Женоа» клубларида тўп сурган. Мураббий сифатида «Аякс», «Твенте», Австралиянинг «Мельбурн Сити» клубларида фаолият юритган, шунингдек, Греция ҳамда Арманистон терма жамоаларини бошқарган. У Арманистон термасини Қозоғистонга тайинланишидан сал аввал, 2025 йил августида тарк этган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ