Бухоронинг янги аэропортини қуриш бўйича тендерда Туркия–Қатар консорциуми ғолиб чиқди

Фото: «Uzbekistan Airports» АЖ

Ўзбекистонда «Янги Бухоро» халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича тендер якунланди. Танловда икки компания — Туркиянинг «Limak Insaat Sanayi ve Ticaret» ҳамда Қатарнинг «Hamad Bin Khalid Contracting Company» ширкатларидан иборат консорциум ғолиб бўлди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳа давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойили ҳамда «қуриш — топшириш — бошқариш» (build — transfer — operate) модели асосида амалга оширилади.

Аниқлик киритилишича, тендерда ғолиб чиққан консорциум соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминали, вокзал олди майдони, автотураргоҳ ҳудуди ва унга туташ инфратузилмани барпо этиши керак. Шунингдек, давлат шериги аэродром мажмуаси — учиш-қўниш йўлаги ва перрон қурилиши ҳамда бошқарувига масъул бўлади.

«Uzbekistan Airports» маълум қилишича, навбатдаги босқичда 23 йиллик муддатга ДХШ тўғрисидаги битим имзоланади. Шартномага мувофиқ, бевосита қурилиш ишлари даври 3 йилдан ошмайди. Ишлар қиймати маълум қилинмаган.

«Бухоро — Марказий Осиёнинг икки минг йилдан зиёд тарихга эга энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, унинг тарихий маркази 1993 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Янги аэропорт меҳмонларнинг ўсиб бораётган оқимини қабул қилиш ҳамда минтақанинг хорижий мамлакатлар билан авиақатновларини кенгайтиришга хизмат қилади. <…> Бухородаги лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланадиган жамоа замонавий инфратузилма ва йўловчилар учун қулай ҳаво дарвозасини яратишига, минтақанинг хорижий сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишига ҳамда умуман олганда Ўзбекистон авиация соҳаси ривожига ҳисса қўшишига ишончимиз комил», — дея изоҳ беришди «Uzbekistan Airports»да тендер натижаларига.

Ўзбекистон корхонаси вакиллари консорциум таркибига кирувчи компанияларнинг муваффақиятли фаолиятига бир нечта мисолларни ҳам келтиришди. Хусусан, Туркиянинг «Limak» ширкати ҳозирда Приштина (Косово) ва Дакар (Сенегал) аэропортларини бошқариб келмоқда. Бундан ташқари, ташкилот Истанбулдаги ҳаво бандаргоҳи қурилишида иштирок этган, айни пайтда Қоҳира (Миср) аэропорти объектларини ҳамда Қувайтда янги йўловчи терминалини барпо этмоқда.

Қатар компаниясининг фаолияти ҳақида эса унинг 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати финали бўлиб ўтган маҳаллий «Лусаил» стадиони қурилишида бош пудратчи бўлганигина хабар қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ