Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди товламачиликда айбланган Demokrat.uz сайти ходимларига нисбатан ҳукм чиқарди. Интернет-нашр раҳбари Фазлидинхон Меҳмонов 10 йил 3 ойга, блогер Азиз Ғойибназаров эса 10 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон пойтахти судлари матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
11 ноябрда эълон қилинган ҳукмга кўра, Меҳмонов республика Жиноят кодексининг бир йўла учта моддаси бўйича айбдор деб топилди:
✅ 165-модда («Товламачилик»);
✅ 168-модда («Фирибгарлик»);
✅ 248-модда («Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи»).
Шу билан бирга, иккинчи судланувчи — Ғойибназаров фақат товламачилик моддаси бўйича айбдор деб топилди. Ҳар икки судланувчи ҳам жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Бундан ташқари, Меҳмонов зиммасига жиноят содир этилиши оқибатида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти юкланди. Бироқ компенсация миқдори келтирилмаган.
Тошкент судлари матбуот хизматининг аниқлик киритишича, қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда апелляция шикояти бериш орқали биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Demokrat.uz медиалойиҳаси ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида жорий йилнинг февралида хабар берилган эди. Ўшанда тергов талқини эълон қилинган бўлиб, унга кўра, 2025 йил декабрида Ғойибназаров Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган автосалон фаолиятини салбий тарзда ёритувчи видеоролик тайёрлаб, интернетда тарқатган.
Шундан сўнг нашр раҳбари Меҳмонов тадбиркорга мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқлардан компроматни ўчириш эвазига 50 минг доллар талаб қилган. Бундан ташқари, гумонланувчи автосалонни бошқараётган бизнесменнинг шахсан ўзини обрўсизлантирувчи маълумотлар акс этган бошқа материални эълон қилмасликни ваъда қилган.
Аммо тадбиркор товламачиларга бўйсунмай, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган. 2026 йил 29 январда автосалон эгаси Меҳмоновга 3 минг доллар тўлаган. Сўнгра 10 февраль куни яна 17 минг долларни олаётган вақтда Demokrat.uz нашри раҳбари ашёвий далиллар билан ушланган.



