Қозоғистон чет элликлар учун электрон кириш рухсатномаларини жорий эта бошлади

qazeta.kz/ru/eta сайтидан скриншот

Қозоғистонда хорижликларнинг мамлакатга кириши учун электрон рухсатномалар (ETA — Electronic Travel Authorization) тизимини жорий этиш бошланди. Ушбу тизим республика билан визасиз режим амал қиладиган давлатлар, жумладан, Россия фуқароларига нисбатан татбиқ этилади.

1 ноябрдан бошлаб янги тартиб Ақтау халқаро аэропортида, шунингдек, «Ўрлютобе» (Павлодар вилояти), «Аухатти» (Жамбил вилояти), «Атамекен» (Туркистон вилояти) ва «Нурли йўл» (Жетису вилояти) автомобиль ўтказиш пунктларида амал қила бошлади.

Иккинчи босқич 2027 йил 1 январдан Остона ва Олмаота аэропортларида, 1 мартдан эса қолган барча ўтказиш пунктларида бошланади.

Ҳозирча чет элликлар Қозоғистонга электрон рухсатномасиз ҳам киритилади, бироқ уларга ушбу ҳужжатни расмийлаштириш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш берилади. Аммо келаси йил 1 июлдан бошлаб электрон рухсатнома мажбурий бўлади. У бўлмаган тақдирда, хорижликлар мамлакатга киритилмайди.

Кириш рухсатномасини QazETA портали орқали олиш мумкин. Ҳужжатларни мамлакатга кириш санасидан камида 72 соат олдин топшириш керак. Ариза 10 дақиқа ичида кўриб чиқилиши ваъда қилинмоқда, хизмат бепул.

Республика билан визасиз режим ўрнатган давлатлар фуқаролари рухсатнома олишлари шарт. Визали режим амал қиладиган давлатлар фуқароларининг Қозоғистонга кириш тартиби ўзгармайди.

Ариза бериш учун хорижликлардан камида яна олти ой амал қиладиган хорижга чиқиш паспорти, жавобни олиш учун электрон почта манзили ва Қозоғистонга сафар мақсадини кўрсатиш талаб этилади.

Рухсатнома ички ишлар органлари томонидан миллий хавфсизлик органлари билан келишилган ҳолда берилади.

Маълумотлар нотўғри ёки тўлиқ бўлмагани, паспортдаги маълумотлар аризада кўрсатилган маълумотларга мос келмагани, техник хатолар, тегишли фуқароликка эга шахснинг ETA олиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги ёки Қозоғистон давлат органлари томонидан чекловлар белгилангани сабабли ариза рад этилиши мумкин.

Рухсатнома олти ой давомида амал қилади. Масалан, Россия фуқаролари ушбу рухсатнома асосида ҳар 180 кунлик давр ичида Қозоғистонда 90 кун бўлишлари мумкин. Бошқа давлатлар фуқаролари учун бу муддат қисқароқ бўлиши мумкин. Ушбу муддат тугамасидан олдин хорижлик республика ҳудудини тарк этиши ёки вақтинча яшаш учун рухсатнома, яшаш гувоҳномаси ёхуд узоқ муддатли виза олиши шарт.

Айрим тоифадаги хорижликлар кириш рухсатномасини олишдан озод қилинади. Улар қаторига, хусусан, 16 ёшга тўлмаган ёки 65 ёшдан ошган шахслар, халқаро қатновларни амалга оширувчи юк машинаси ва автобус ҳайдовчилари, самолётлар, кемалар экипажлари ва поезд бригадалари аъзолари, дипломатлар, расмий ҳукумат делегациялари аъзолари, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг аккредитация гувоҳномаси эгалари, республикада яшаш гувоҳномаси ёки вақтинча яшаш учун рухсатномаси бўлган шахслар киради. Шунингдек, аэропортларнинг транзит ҳудудидан чиқмайдиган транзит йўловчилар ҳам ETA расмийлаштиришлари шарт эмас.

Қозоғистон ҳукумати электрон кириш рухсатномаларини жорий этиш режалари ҳақида жорий йил август ойида маълум қилган эди. Тегишли лойиҳа Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Октябрь ойида ҳукумат ETA расмийлаштириш қоидаларини тасдиқлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ