Ўзбекистон Статистика қўмитаси илк бор медиана иш ҳақи кўрсаткичини эълон қилди — у қарийб 4,2 миллион сўмни ташкил этди

uznews.uz сайти фотосурати

Жорий йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон бўйича медиана иш ҳақи қарийб 4,2 млн сўмни ($351) ташкил этди. Бу ҳақда республика Миллий статистика қўмитасининг матбуот релизида сўз юритилади.

Медиана иш ҳақи — барча ходимларни тенг икки гуруҳга ажратадиган иш ҳақи даражаси: ходимларнинг ярми ушбу кўрсаткичдан кам, қолган ярми эса кўпроқ маош олади. Қўмита маълум қилишича, медиана иш ҳақи кўрсаткичлари фермер хўжаликлари ва кичик бизнес субъектларини ҳисобга олмаган ҳолда ҳисобланган. Шу билан бирга, матбуот релизининг бошқа бўлимларидаги каби уч чораклик эмас, балки 2026 йилнинг саккиз ойи учун маълумотлардан фойдаланилган. Чунки жисмоний шахсларнинг сентябрь ойидаги даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳали тўлиқ шакллантирилмаган.

Мамлакат ҳудудлари бўйича медиана иш ҳақини кўриб чиқилса, биринчи ўринда Тошкент шаҳри туради — қарийб 6,8 млн сўм ($569). Кейинги ўринларда Навоий ва Тошкент вилоятлари — мос равишда 6,2 млн ($519) ва 4,3 млн сўм ($360).

Ўзбекистоннинг бошқа барча ҳудудларида медиана иш ҳақи республика бўйича ўртача кўрсаткичдан паст. Энг кам кўрсаткичлар Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида қайд этилган — қарийб 3 млн сўм ($251).

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори кўрсаткич банк ва суғурта соҳаси ходимларига тўғри келади: уларнинг медиана иш ҳақи 11,3 млн сўмдан ($946) ошади. «Ахборот ва алоқа» ҳамда «Ташиш ва сақлаш» соҳалари вакиллари ҳам яхши даромад олади — мос равишда 8,7 млн ($728) ва 8,3 млн сўм ($695). Саноат ва савдо соҳаларида ишловчиларнинг маоши мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан бироз юқори, қурилиш соҳасида эса бироз паст. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини ҳам ўз ичига олган бошқа гуруҳлардаги иш ҳақи Ўзбекистон бўйича медиана кўрсаткичдан паст.

Шу билан бирга, Статистика қўмитаси ойлик номинал иш ҳақи бўйича анъанавий маълумотларни ҳам келтирган. Бу кўрсаткичлар биринчи уч чорак, яъни январдан сентябргача бўлган даврни қамраб олади.

Ушбу даврда солиқлар ушланишидан олдинги ўртача иш ҳақи қарийб 7,3 млн сўмни ($611) ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврида қайд этилган кўрсаткичдан 18 фоизга юқори.

Энг юқори даромад Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келади — ўртача 12,3 млн сўм ($1030). Одатдагидек, энг юқори кўрсаткичга эга учликдан Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳам жой олган: мос равишда 8,8 млн ($737) ва 6,9 млн сўм ($578). Энг паст кўрсаткичлар Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган — ҳисобланган иш ҳақи 5 млн сўмга ($418) ҳам етмайди.

Касблар кесимидаги статистикада ҳам банк ва суғурта соҳаси вакиллари катта фарқ билан биринчи ўринда: уларнинг иш ҳақи 19,7 млн сўм ($1650) даражасида. «Ахборот ва алоқа» соҳаси 17 млн сўм ($1423) билан иккинчи, «Ташиш ва сақлаш» соҳаси эса қарийб 11,3 млн сўм ($946) билан учинчи ўринда.

Иш ҳақи энг паст соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш ва таълим ходимлари бор: уларнинг маоши мос равишда 4,4 млн ($368) ва 5 млн сўмни ($418) ташкил этади.

▪️ Медиана иш ҳақи ва ўртача ойлик номинал иш ҳақи ҳисоблаш усули жиҳатидан тубдан фарқ қилади. Бу фарқни мисол орқали тушунтириш осонроқ. Айтайлик, бир ташкилотда беш киши ишлайди: улардан икки нафари 1 млн сўмдан, яна бири 2,5 млн сўм, бошқаси 5 млн сўм, директор эса 10 млн сўм маош олади.

Ўртача ойлик номинал иш ҳақи барча ходимларнинг маошлари йиғиндисини уларнинг сонига бўлиш орқали ҳисобланади: (1 млн + 1 млн + 2,5 млн + 5 млн + 10 млн) / 5 = 3,9 млн сўм. Демак, ўртача ойлик ҳисобланган номинал иш ҳақи 3,9 млн сўмни ташкил этади.

Медиана иш ҳақи эса ходимларнинг ярми пастроқ, ярми юқорироқ маош оладиган тарзда аниқланади. Келтирилган мисолда медиана 2,5 млн сўмни ташкил қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу кўрсаткич «адолатлироқ», чунки у раҳбарлар ва юқори бўғин менежерларига хос бўлган оз сонли шахсларнинг ўта юқори даромадларини ҳисобга олмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ