МДҲ давлатлари бош прокурорлари мувофиқлаштирув кенгашининг 36-йиғилиши иштирокчилари. Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати фотосурати
Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон бош прокурорлари терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат МДҲ давлатлари бош прокурорлари мувофиқлаштирув кенгашининг 36-йиғилиши якунлари бўйича Қозон шаҳрида имзоланди. Келишувга Ўзбекистондан Ниғматилла Йўлдошев, Россиядан Александр Гуцан, Беларусдан Дмитрий Гора, Қозоғистондан Берик Асылов, Қирғизистондан Малик Бектурганов ва Тожикистондан Ҳабибулло Воҳидзода имзо қўйди.
РБК маълумотларига кўра, келишувда «томонларнинг» терроризм ва экстремизм ҳолатларининг, жумладан, нацизмни реабилитация қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг тарқалаётганидан «ташвиши» қайд этилган. Ушбу ҳолатлар «давлатлар хавфсизлиги, шунингдек, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига жиддий таҳдид» сифатида баҳоланган.
Ҳужжат давлатлар хавфсизлигига таҳдид солувчи террорчилик ва экстремистик ташкилотлар, гуруҳлар ҳамда алоҳида шахслар ҳақида тезкор маълумот алмашишни назарда тутади. Томонлар, шунингдек, террорчилик ва экстремистик гуруҳлар ўртасида халқаро алоқалар ўрнатилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этади. Бундан ташқари, давлатлар давлатлар суверенитетига тажовузлар ёки эҳтимолий террорчилик ҳужумлари ҳақида маълумот алмашишни режалаштирмоқда.
Томонларга маълумот узатиш учун террорчилик, диверсия ва экстремистик усуллардан фойдаланадиган ноқонуний қуролли тузилмалар ҳақидаги маълумотлар ҳам асос бўлади.
Томонлар одам савдоси, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар билан шуғулланувчилар, шунингдек, ноқонуний миграцияни ташкил этувчилар ҳақида бир-бирини хабардор қилиб боради.
Шунингдек, хорижлик ёки «келиб чиқиш давлатларига қайтаётган» террорчи-жангарилар ва уларнинг оила аъзолари ҳақида алоҳида маълумот алмашилади. Бунда шахсни тасдиқловчи сохта ҳужжатлар ва сафар ҳужжатларини аниқлаш тартиб-таомилларидан ҳам фойдаланилади.
«Томонлар кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳамкорликнинг аниқ механизмларини белгилаб олди, белгиланган таҳдидларга қарши курашиш бўйича муайян чора-тадбирлар юзасидан келишиб олди», — дейилади Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарида.



