Қирғизистон ўзининг биринчи сунъий йўлдошини 1 октябрь куни АҚШ ҳудудидан фазога учиради

«Қирғиз электроника» корхонаси томонидан ишлаб чиқилган сунъий йўлдош. sputnik.kg сайти фотосурати

Қирғизистон тарихида биринчи марта ўзининг сунъий йўлдошини космосга учиришга тайёргарлик кўрмоқда. Аппаратни 1 октябрь куни АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган майдончадан Ер орбитасига чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда «Sputnik Кыргызстан» хабар берди.

Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатида яратилган биринчи сунъий йўлдошни республика Ҳукумат раиси ўринбосари — Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков тақдим қилди. Унинг сўзларига кўра, космосдан олинган суратлар ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Чунки бундай маълумотлар яқинлашаётган совуқлар ёки қурғоқчиликни кузатиш имконини беради. Шунингдек, мутахассислар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун олинган маълумотларни таҳлил қилади.

Мулозимнинг аниқлик киритишича, сунъий йўлдош аввал компьютерлар ва назорат-касса машиналарини (НКМ) йиғиш билан шуғулланган «Қирғиз электроника» корхонаси томонидан яратилган. Қирғизистонлик муҳандислар қурилмани ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун 2,5 йил вақт сарфлаган.

Журналистларга космик аппаратнинг техник хусусиятлари ҳам тақдим этилди. Унинг оғирлиги 5 килограммни ташкил этади.

Сунъий йўлдошнинг қиймати 10–12 миллион сом (тахминан 130 минг доллар) деб баҳоланмоқда.

Ўз навбатида, «Қирғиз электроника» директори Илья Черний сунъий йўлдошни кўп функцияли деб аташ мумкинлигини қўшимча қилди. Масалан, у юқори аниқликдаги камералар билан жиҳозланган бўлиб, улар орқали олинадиган суратлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги учун жуда зарур.

Бироқ, корхона раҳбари ушбу ишланмани тўлиқ Қирғизистонга тегишли деб бўлмаслигини тан олди, чунки уни яратишда фойдаланилган технологияларнинг асосий қисми Россияники. Агар сунъий йўлдошни «нолдан» яратишга тўғри келганида, бунинг учун 10–15 йил вақт талаб этилар эди, дея тушунтирди Черний.

Қирғизистон Марказий Осиёда ўз сунъий йўлдошини космосга учираётган биринчи давлат эмас. Яқинда Ўзбекистон ҳам шундай ютуққа эришган эди. Аппарат Хитойлик ҳамкорлар ёрдамида учирилди. Жорий йил август ойида Хитой компанияси Samarkand-2028 гиперспектрал сунъий йўлдошини космосга муваффақиятли учиргани ҳақида хабар берилган эди. Унинг борт тизими Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва сунъий интеллект технологиялари асосидаги модуль билан жиҳозланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Қирғизистоннинг «парда ортидаги раҳбари» нима учун ишдан бўшатилгани ва бундан сўнг нималар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор