Футбол бўйича Осиё кубоги «фавқулодда ҳолатлар» сабабли қарийб бир йилга қолдирилди

ОФК сайти фотосурати

Саудия Арабистонида ўтказилиши керак бўлган 2027 йилги футбол бўйича Осиё кубоги қарийб бир йилга қолдирилди. Мусобақа 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январгача бўлиб ўтади, деб хабар беради Осиё футбол конфедерацияси (ОФК).

Дастлаб мусобақани 2027 йил 7 январдан 5 февралгача ўтказиш режалаштирилган эди. ОФК муддатларнинг ўзгартирилишини минтақадаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ «фавқулодда ҳолатлар», жумладан, жиддий логистика муаммолари ва транспорт қатновидаги узилишлар билан изоҳлайди.

Мусобақани кўчириш тўғрисидаги қарор Осиё кубоги ташкилий қўмитаси томонидан маҳаллий ташкилий қўмита ва Саудия Арабистони футбол федерацияси билан маслаҳатлашувлардан сўнг маъқулланган. Турнирнинг янги саналари тасдиқлаш учун ФИФАга тақдим этилиши керак.

Аввалроқ Япония оммавий ахборот воситалари Осиё кубогини ўтказиш муддатлари ўзгариши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Eurasia Football 2 ноябрь куни турнирни январдан айнан 2027 йил декабрига кўчириш режалаштирилаётгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлганини хабар қилди. Япониянинг Football Tribe нашрига таянган уммонлик журналист Исо Саид маълумотни ОФК ичидаги манбадан олганини айтган. Футбол эксперти Алишер Никимбаев ҳам ўз манбаларига таяниб, турнирни кўчириш ҳақидаги қарор қабул қилинганини маълум қилганди.

Октябрь ойидаёқ Australian Associated Press Саудия Арабистонида хавфсизлик вазияти ёмонлашиши ва Ар-Риёд халқаро аэропорти ишидаги узилишлар фонида Осиё кубоги бошқа муддатга кўчирилиши мумкинлигини тахмин қилганди. Ўшанда мусобақани 2028 йилда ўтказиш эҳтимолий вариантлардан бири сифатида тилга олинганди. Шунга қарамай, Элит Чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинлар барибир бўлиб ўтди.

Осиё кубогининг финал босқичида 24 та миллий терма жамоа, жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари иштирок этади. Саудия Арабистони қитъа чемпионатига илк бор мезбонлик қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ