Туркманистоннинг «Аркадаг» ва Ўзбекистоннинг «Насаф» жамоалари ОФК Чемпионлар лигаси-2 мусобақасида ғалаба қозонди

«Насаф» ФК. «Насаф» ФК фотосурати

Туркманистон ва Ўзбекистон футбол клублари ОФК Чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичининг тўртинчи туридаги ўз учрашувларида ғалаба қозонди. Туркманистоннинг «Аркадаг» жамоаси ўз майдонида Эроннинг «Гол Гоҳар» клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этди, Ўзбекистоннинг «Насаф» жамоаси эса «Ал-Кувайт» устидан иродали ғалабага эришди — 3:2.

«Аркадаг» 4 ноябрь куни Эрон жамоасини қабул қилди. Учрашувдаги ягона голни 77-дақиқада Шаназар Тиркишовнинг узатмасидан кейин Ахмет Атаев киритди. Бу ғалаба туфайли туркман клуби очколарини еттитага етказиб, B гуруҳидаги иккинчи ўрнини сақлаб қолди. Биринчи ўринда БААнинг «Ал-Жазира» жамоаси 10 очко билан бормоқда. Баҳрайннинг «Ал-Муҳаррақ» клуби уч, «Гол Гоҳар» эса икки очкога эга.

Учрашув олдидан визалар билан боғлиқ можаро юзага келди. «Гол Гоҳар»нинг уч нафар футболчиси визалар берилмагани сабабли Туркманистонга ўз вақтида кира олмади. Eurasia Football хабарига кўра, гап Сиамак Немати, Муҳаммадҳусайн Жамали ва Маҳан Афрузиян ҳақида бормоқда. Эрон жамоаси бош мураббийи Меҳди Раҳмати юз берган ҳолатдан ҳайратда эканини билдирди. «Фарғона» маълумотларига кўра, охир-оқибат футболчиларга визалар берилган. Жамоанинг яна тўққиз нафар футболчиси эса жароҳатлар ва бошқа сабабларга кўра учрашувга бора олмаган.

Ўзбекистоннинг «Насаф» жамоаси Қувайтда ғалаба қозонди, гарчи биринчи бўлимдан кейин 0:2 ҳисобида ортда бораётган бўлса-да. Яссин Ҳенисси пенальтидан ҳисобни очди, Муҳаммад Фурайҳ эса мезбонларнинг устунлигини икки карра оширди. Танаффусдан кейин Бобир Абдиҳолиқов 57 ва 67-дақиқаларда гол уриб, дубль қайд этди. 81-дақиқада Ойбек Рустамов ғалаба голини киритди.

Рўзиқул Бердиев шогирдлари учун бу ғалаба жорий мусобақадаги илк ғалаба бўлди. Аввалги турда «Насаф» худди шу «Ал-Кувайт» жамоасига ўз майдонида 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганди. Энди Қарши клуби тўрт очко билан A гуруҳида учинчи ўринда бормоқда. БААнинг «Ал-Ваҳда» жамоаси тўққиз очко билан пешқадамлик қилмоқда, «Ал-Кувайт» эса олти очко билан иккинчи ўринда. Баҳрайннинг «Ал-Холидия» клуби ҳам тўрт очко тўплаган, аммо қўшимча кўрсаткичлар бўйича «Насаф»дан ортда.

Бешинчи турда, 25 ноябрь куни, «Аркадаг» сафарда «Ал-Муҳаррақ» билан ўйнайди, «Насаф» эса «Ал-Холидия»ни қабул қилади. Плей-офф босқичига ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита жамоа йўл олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ