Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 852 нафар маҳкумни авф этиш тўғрисида фармон имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Авф этилганларнинг 604 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 115 нафари шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиқарилади. Яна 52 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроқ жазо турига алмаштирилди, 81 нафарининг қамоқ муддати қисқартирилди.
Авф этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 49 нафар аёл, 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак ва 375 нафар ёшлар бор. Алоҳида таъкидланишича, авф этилганларнинг 63 нафари аввал тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этгани учун судланган.
ℹ️ Ўзбекистонда авф этиш тўғрисидаги фармонлар, одатда, йилига уч марта — Рамазон ҳайити арафасида, мамлакатда 1 сентябрь куни нишонланадиган Мустақиллик куни ва 8 декабрь — Конституция куни муносабати билан қабул қилинади. Шавкат Мирзиёев 2017 йилда расман ҳокимият тепасига келганидан буён маҳкумларни авф этиш бўйича 31 та фармон имзолаган. Ушбу фармонлар жами 10 567 нафар маҳкумни қамраб олган.



