Уммон телевидениеси дунёга кўпроқ Ўзбекистон ҳақида маълумотларни тарқатишга чақирди

Аҳмад Ҳилол ал-Бусаидий. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, мамлакат халқаро медиа маконида ҳозирча етарлича кенг ёритилмаяпти. Бу ҳақда Oman TV телеканали янгиликлар дастури бошловчиси Аҳмад Ҳилол ал-Бусаидий Тошкентда бўлиб ўтган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумда таъкидлади, деб хабар беради Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.

Ал-Бусаидийнинг сўзларига кўра, йирик телеканаллар ва бошқа ОАВларнинг форумда иштирок этиши халқаро аудиторияга Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида кенгроқ маълумот бериш имконини яратади.

«Кўплаб мамлакатларда, масалан, Ўзбекистонни медиа майдонида унчалик яхши танилмаган ёки оммавий ахборот воситаларида кўп тилга олинмайдиган давлат сифатида тасаввур қилишлари мумкин», — деди журналист.

Унинг қўшимча қилишича, Марказ фаолияти билан танишгач, у мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳалар кўламига амин бўлган ва уларни хорижий аудиторияга намойиш этиш муҳим, деб ҳисоблайди.

Ал-Бусаидий минтақанинг тарихий ва илмий мероси тақдим этилган Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига ҳам юқори баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, медиафорумнинг вазифаларидан бири айнан шу ишларни дунёга намойиш этишдан иборат.

« Ўзбекистон ислом цивилизациясини фақат ёзма тарих сифатида эмас, балки бугунги кунда ҳам инсонларга етиб бораётган, дунёга нур ва тинчлик улашаётган ҳақиқий куч сифатида намоён этаётганини кўрсатиб бериш муҳим», — деди Oman TV вакили.

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум 24–28 август кунлари бўлиб ўтади. Унда қарийб 50 та мамлакатдан 300 га яқин журналист, ОАВ раҳбарлари, экспертлар ва креатив индустрия вакиллари иштирок этмоқда.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.