Медиафорумда Ўзбекистоннинг буюк шахсларига оид шарқ миниатюралари асосида яратилган китоб тақдим этилади

Буюк шахслар. ИЦМ фотосурати

«Ўзбекистон тарихидаги буюк шахслар шарқ миниатюраларида» китоб-альбоми Тошкент ва Самарқандда ўтказилаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумда тақдим этилади. Бу ҳақда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Туркиянинг Mega Basim нашриёти бошқаруви раиси Ҳасанбей Конду ўтказади.

Китоб-альбомдан XIII–XVIII асрларга оид, ҳукмдорлар, олимлар, шоирлар, мутафаккирлар ва рассомлар тасвирланган 300 га яқин рангли миниатюра ўрин олган. Улар орасида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Султон Санжар ва Александр Македонский каби тарихий шахслар бор.

Жами альбомда 80 дан ортиқ ҳукмдор, шаҳзода ва малика, шунингдек, 20 дан зиёд шоир, олим, мутафаккир ва рассомнинг тасвирлари жамланган. Улар Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар ва Аштархонийлар тарихи билан боғлиқ.

Нашр учун материаллар қарийб икки йил давомида тўпланган. Миниатюралар турли мамлакатларнинг музей ва кутубхона фондларида сақланаётган қўлёзмалардан олинган. Улар орасида Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи, Вашингтондаги Фрир галереяси, Британия кутубхонаси, Топқопи саройи, Франция Миллий кутубхонаси ва Оға Хон коллекцияси мавжуд.

Альбомни тайёрлашда фойдаланилган қўлёзма манбалар орасида «Меърожнома», «Бобурнома», «Темур тузуклари» ва бошқа асарлар бор.

Фирдавс Абдуҳолиқовнинг муаллифлик лойиҳаси илк бор 2023 йилда Самарқанддаги халқаро конгрессда тақдим этилган. Китоб унинг Шарқ миниатюрасидаги тарихий портретлар бўйича тадқиқотлари натижаси бўлиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.

2024 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Mega Basim нашриёти китоб-альбомни Туркияда нашр этиш бўйича келишувга эришди. Туркия нашриёти аввал ҳам Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.

Халқаро медиафорум 2026 йил 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилмоқда. Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Унда қарийб 50 та давлатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ